Ўзбекистон | 15:18 / 13.10.2020
41354
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Сирдарёга борди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятидаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида 13 октябрь куни яна ушбу вилоятга борди. Давлат раҳбари дастлаб Мирзаобод туманидаги «Ҳақиқат» маҳалласига ташриф буюрди.

Шу йилнинг 1 май куни тонгида Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омборида ўпирилиш юзага келиб, сув тошқини юзага келган, натижада Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги ўн минглаб аҳоли эвакуация қилинганди. Президент тез фурсатда воқеа жойига бориб, талафот оқибатларини бартараф этиб, ҳаётни тиклаш ишларига бош-қош бўлди.

«Сардоба» сув омбори тўғонининг ёрилиши оқибатида 2 минг 211та хонадон яроқсиз ва 2 минг 499таси таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Давлат раҳбари ўшанда бу аҳволни кўриб, вайрон бўлган маҳаллаларни нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки ундан-да яхши қилиш, ҳамманинг ҳаваси келадиган масканга айлантиришга ваъда берган эди.

Шу мақсадда учта ҳудуд танланиб, 50 гектар майдонда 86та 5 қаватли уй-жой барпо этилди. Хусусан, Сардоба тумани «Дўстлик» маҳалласида 37та, Мирзаобод тумани «Ҳақиқат» маҳалласида 40та ҳамда Оқолтин тумани «Навбаҳор» маҳалласида 9та уй-жой қурилди. Уларда жами 2 минг 640 хонадон бор.

«Илгари бу жойлардаги кўп уйларда табиий газ йўқ эди. Энди газ, сув, электр энергияси ва бошқа коммуникациялар билан таъминланган. Яна бир муҳим томони – янги уй эгаларининг аввалги ҳовлилари ҳам ўзларида қолди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

«Сув тошқини жуда катта талафот бўлди. Ҳам фожиа оқибатларини бартараф этиш, ҳам қисқа муддатда одамларни рози қилишимиз керак эди. Бунга унча-мунча давлатнинг дош бериши ўзи бўлмайди. Ҳар бир одам билан гаплашдик. Вазирликлар, ҳудудларни жалб қилиб, тезкор иш ташкил этилди. Совуқ кунларга қолдирмасдан, оилаларни уй билан таъминлашга эришдик. Энг катта масала - одамларнинг кўнглидаги ғашлик кетди, улар рози бўлди», деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ўша қийин кунларда бутун халқимиз жипслашиб ҳаракат қилганига катта эътибор қаратди.

«Бутун мамлакатимиздан мутахассислар келди. Бу ерда Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоятнинг ўз кўчаси бор. Қудратимиз борлигига, бирлашсак, меҳрли бўлсак, кўп ишларни амалга оширишимизга ҳамма инонди», дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Кўп қаватли уйлар шинам, ҳовлилари обод. Бу маҳалла «Янги Ўзбекистон» деб номланган.

«Янги Ўзбекистон» дейилганида ҳам маъно бор. Агар халқимизга маъқул бўлса, бундай уйларни бошқа ҳудудларда, аҳоли зич шаҳарларда ҳам қурамиз. Ҳар бир мавзе ёнида иш ўринлари ҳам ташкил этамиз. Умуман олганда, қуриш ва яшаш маданиятимиз ўзгариши керак», деди президент.

Янги мавзеда маҳалла гузари, дўкон, кутубхона, болалар майдончалари барпо этилган. Уйларга хизмат кўрсатувчи сервис компанияси ташкил қилинган.

Турар жойларни эксплуатация қилиш тизимини самарали йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мавзуга оид