Ўзбекистон | 13:45 / 28.10.2020
13601
2 дақиқада ўқилади

Давлат қарзининг кейинги йиллар учун максимал чегараси белгиланди

Молия йили якуний санаси ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган давлат қарзи қолдиғининг миқдори жорий йил ялпи ички маҳсулотига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги белгилаб қўйилмоқда. 

Молия вазирлиги 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасига шарҳларни эълон қилди. Унда келгуси йил учун давлат қарзининг чегараси белгиланган. 

«2021 йилда Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида ички ва ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган соф ҳажми 5,5 миллиард АҚШ доллари (5 миллиард АҚШ доллари – ташқи, 0,5 миллиард АҚШ доллари – ички қарз), шундан давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун - 2,2 миллиард АҚШ доллари (шу жумладан, ички қарз – 5 триллион сўм), инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 3,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида белгилаш режалаштирилмоқда», — дейилади вазирлик шарҳида.

Аввалроқ, кейинги йил учун давлат бюджети дефицит билан қабул қилиниши эҳтимоли юқори экани хабар берилганди. Шунга мувофиқ, бюджет тақчиллигининг юқори чегараси 37,4 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоиз миқдорида белгиланган.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг тақчиллиги давлат ички ва ташқи қарзларини жалб қилиш ҳамда бюджетларнинг йил бошига қолдиқ маблағлари ҳисобидан, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг тақчиллиги жамғарманинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланиши кутилмоқда.

Мавзуга оид