Ўзбекистон | 10:22 / 28.10.2020
9710
2 дақиқада ўқилади

Вирус енгил тарзда ўтказилса, антитаначалар миқдори кўп бўлмайди – штаб

Иммунитет уч турда бўлади: қисқа муддатли, узоқ муддатли ва бир умрлик. Вирусга нисбатан айнан қайси турдаги иммунитет шаклланганлигини билиш осон эмас. Барно Абдусаматова шу ҳақда берилган саволга жавоб қайтарди.

АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова антитаначалар тести ижобий чиқса, организм вирусдан ҳимояланган ҳисобланадими, бу қанча давом этади, дея берилган савол бўйича маълумотлар тақдим этди.

“Инфекцион жараён натижасида икки турдаги антитанача юзага келади: IgM ва IgG. Иммуноглобулин M организмда вирус мавжудлигини кўрсатиб, жараённинг оғир босқичи кечаётганини билдиради. Иммуноглобулин G COVID-19'га қарши иммунитет ҳосил бўлганини кўрсатади. Иммуноглобулин М (IgM) биринчи бўлиб шаклланади ва инфекциянинг илк даврида тез ўсади, оғир даврига келиб энг юқори даражага чиқади. Шундан сўнг секин-аста тушиб, инсон тузалгач тўлиқ йўқолади.

Иммуноглобулин G организм вирус билан тўқнаш келгач 21-28 кундан сўнг ишлаб чиқарила бошлайди. Ҳозирда жаҳон олимларининг кузатувларига кўра, титрлар антитаначалар каби камайиши мумкин. Агар инсон коронавирусни енгил тарзда ўтказган бўлса, антитаначалар миқдори у қадар кўп бўлмайди. Иммунитет уч турда бўлади: қисқа муддатли, узоқ муддатли ва бир умрлик.

Вирусга нисбатан айнан қайси турдаги иммунитет шаклланганлигини билиш осон эмас. Олимларнинг фикрича, титрлар камайиб боради ва катта эҳтимол билан бир умрлик иммунитет шаклланмайди. Чунки бу вирус мутация имконига эга. Лекин шунга қарамай, агар инсон касалликни бошидан кечирган бўлса, организмда ушбу вирус ҳақида маълумот қолади. Генетик материалнинг асосий тузилмалари ҳужайра иммунитети билан боғлиқ.

Ёшлар ва саломатлиги яхши бўлган кишиларда антитаначалар тезроқ шаклланади. Ёши катталар ва ҳамроҳ касалликлари бўлган инсонларда шаклланиши қийинроқ кечади. Шу сабабдан ҳар қандай оғир касалликларда улар бошқа нормал саломатликка эга одамлардан кўра кўпроқ азият чекишади”, - деди саволга жавобан Барно Абдусаматова.

Мавзуга оид