Ўзбекистон | 23:24 / 03.11.2020
46786
2 дақиқада ўқилади

Абдуҳаким Ҳожибоев соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди

Абдуҳаким Хожибоев Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди. Амрилло Иноятов унинг биринчи ўринбосари бўлди.

3 ноябрь куни парламент депутатлари Ҳожибоевни вазир лавозимига маъқуллади.

Президент қарори билан соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ҳожибоев Абдуҳаким Мўминович соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдуҳаким Ҳожибоев ўз фаолиятини хирургликдан бошлаб, сўнгги 20 йил давомида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори, Шошилинч тиббий ёрдам врачлар ассоциацияси раиси, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ва уч бор соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

У 2003 йил «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» унвони ҳамда 2020 йил «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган.

Абдуҳаким Ҳожибоевнинг ўрнига соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб Иноятов Амрилло Шодиевич тайинланди.

Амрилло Иноятов бунгача президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари вазифасида ишлаб келаётганди.

Тиббиёт фанлари доктори, доцент бундан аввал Бухоро давлат тиббиёт институти ректори лавозимида ишлаган.

  • Эслатиб ўтамиз, 2017 йил февралидан буён Ўзбекистон тиббиётини бошқариб келган Алишер Шодмонов Тошкент тиббиёт академияси ректори этиб тайинланди.

Мавзуга оид