Ўзбекистон | 11:19 / 17.11.2020
32490
2 дақиқада ўқилади

Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан тергов якунланиб, жиноят иши судга юборилди

Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари айблов хулосаси билан якунланиб, мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судига юборилган. Бу ҳақида Kun.uz’га Тошкент вилоят прокуратураси масъул ходими маълум қилди.

Маълум бўлишича, терговда дастлабки эълон қилинган айблов тўлдирилиб, Г.Йўлдошевага нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди, 209-моддаси 2-қисми «а» банди, 25-167-моддаси 3-қисми «а» банди, 207-моддаси 3-қисми «а» банди, 207-моддаси 3-қисми «а» банди билан айб эълон қилинган.

Г.Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Аҳроровнинг маълум қилишича, ҳимояси остидаги шахс эълон қилинган айбловларга иқрор эмаслигини, ўзининг айбсиз эканлигини ва барча эътирозларини судда баён этишини айтган.

Жиноят иши бўйича суд муҳокамалари қачон бошланиши ҳозирча маълум эмас.

Эслатиб ўтамиз, коронавирусга чалинган бемор ўлими ва 250 млн сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланиб қамоққа олинган Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан жиноят иши шу йил 11 августда Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан қўзғатилган. 8 сентябрга келиб, эҳтиёт чораси сифатида айбланувчи қамоққа олинган эди. Унинг қамоққа олиниши жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотларнинг раҳбарлари мазкур ҳодисага муносабат билдириб, прокуратурани шифокорга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси ўзгартиришга чақирганди.

У октябр ойи бошида қамоқдан озод этилган, унга нисбатан қўлланган қамоқ эҳтиёт чораси суд ажрими билан уй қамоғига алмаштирилганди.

Мавзуга оид