Гулжаҳон Йўлдошева иши бўйича суд жараёнлари бошланди
27 ноябр куни жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судида Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқаларга нисбатан суд жараёнлари бошланди. Kun.uz жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган иш бўйича суд маҳкамаларини ёритиб боради.
Суд ишига жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди раиси Суннатилло Авлоқулов раислик қилмоқда.
Раислик қилувчи дастлаб процесс иштирокчиларини судланувчилар ва уларга эълон қилинган айблов билан таништирди.
Мазкур жиноят ишида вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдордаги маблағни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-модда 2-қисми «а» банди (такроран содир этилган мансаб сохтакорлиги), 25-167-модда 3-қисми «а» банди, 207-модда 1-қисми (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 207-модда 3-қисми «а» банди (мансабга совуққонлик билан қараш одам ўлимига олиб келиши) билан айбланмоқда.
Яна тўрт нафар шахсга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилинган.
Жумладан, Шерзод Рўзиметов ва Жаҳонгир Зиёдуллаевлар 116-модда 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одам ўлимига сабаб бўлиши), 228-модда 2-қисми «а, б» бандлари (такроран ва бир гуруҳ шахслар томонидан ҳужжатларни қалбакилаштириш) ва 228-модда 3-қисми (ҳужжат қалбакилигини била туриб, ундан фойдаланиш) билан; Алишер Дадаматов ва Жаннат Ҳакимовалар 167-модда 3-қисми «а» банди билан айбланмоқда.
Айблов ўқиб эшиттирилгач, йиғилганлар суд таркиби ва процесс иштирокчилари билан таништирилди. Айбланувчилар ва уларнинг адвокатлари томонидан суд таркибига нисбатан эътирозлар билдирилмади. Процессуал тартиб бўйича судланувчиларнинг шахсига аниқлик киритилди ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилди.
Шундан сўнг, судланувчи Г.Йўлдошеванинг адвокати судга илтимоснома киритиб, ҳимояси остидаги шахсга қўлланилган уй қамоғи эҳтиёт чорасини муносиб хулқ-атворда бўлиш тарзидаги эҳтиёт чорасига ўзгартириш, жиноят иши ҳужжатлари билан танишиб чиқиш, ундан нусхалар олиш ва айблов хулосасини рус тилида прокурор томонидан тасдиқланган ҳолда тақдим этилишини таъминлашни сўради.
Раислик этувчи илтимосноманинг эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақидаги қисми процессуал тартибда кўриб чиқилишини, айблов ҳулосасини рус тилида тақдим этиш масаласида прокурорга хат чиқарилишини, жиноят иши ҳужжатлари билан танишиб чиқиш ҳақидаги қисми бўйича эса бирор бир қаршилик йўқлигини, исталган вақтда иш ҳужжатлари билан танишиш мумкинлигини маълум қилди.
Шунинг билан суд жараёнларининг дастлабки куни ўз ишини якунлади. Навбатдаги суд мажлиси 4 декабр куни соат 11:00га белгиланди.
Раҳматилло Исроилов – Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Отахон Юсупов
Мавзуга оид
23:07 / 21.12.2024
Тошкент вилоятида чиқинди полигонлари хизмат нархи оширилади
16:16 / 17.12.2024
Тошкент вилоятида 8,7 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган цех фош этилди
20:14 / 16.12.2024
Тошкент вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
21:41 / 14.12.2024