Фан-техника | 23:08 / 02.12.2020
3471
2 дақиқада ўқилади

Европа истеъмолчилар ташкилоти Apple компаниясидан 180 млн евро талаб қилмоқда

Компания эски iPhone моделларининг ишлаш тезлигини атайлабдан пасайтирганликда айбланмоқда.

Фото: Getty Images

 Euroconsumers Европа истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ассоциацияси Apple компаниясидан суд тартибида 180 млн евро тўланишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.

 Қайд этилишича, компания эски iPhone моделларининг ишлаш тезлигини атайлабдан пасайтирганликда айбланмоқда.

 Apple март ойида худди шу даъво туфайли АҚШда 500 млн долларгача тўлашга рози бўлганди, аммо кейин айбини тан олмади. Америка судининг 4 декабр куни бўлиб ўтадиган даъволарни тартибга солиш бўйича йиғилишида ҳар бир iPhone эгаси 25 доллар миқдорида компенсация талаб қилиши мумкин. Euroconsumers ҳар бир смартфон эгасига ўртача 60 евродан тўланишини талаб қилмоқда.

 Euroconsumers таркибига кирувчи ташкилотлар Бельгия ва Испанияда даъво киритган, яқин ҳафталарда Италия ва Португалияда даъво қўзғаш ниятида. Иш iPhone 6, 6 Plus, 6s, 6s Plus смартфонларига тааллуқли.

 "Истеъмолчилар маҳсулот жуда тез эскираётганидан борган сари норози бўлмоқда, бунга iPhone 6 моделлари яққол мисол бўла олади", - деди Euroconsumers вакили Элс Бруггеман.

 Apple 2017 йилда унинг дастурий таъминоти смартфонлар кутилмаганда ўчиб қолишининг олдини олиш мақсадида илгари чиқарилган моделларнинг ҳисоблаш қувватини чегаралаб қўйганлигини тан олганди. Францияда компания феврал ойида 25 млн евро жаримага тортилганди.

2018 йил охирида Италия антимонополия ташкилоти дастурий таъминот янгиланиши смартфонлар ишида жиддий муаммолар келтириб чиқарганлиги учун компанияга 10 млн евро жарима солганди. Samsung ҳам худди шу айблов билан 5 млн евро жарима тўлаганди.

Apple Италияда ушбу ҳафтада ҳам iPhone смартфонлари сув ўтказмаслиги борасида харидорларни чалғитгани учун 10 млн евро жаримага тортилди, деб хабар бермоқда ОАВ. Компания ўз рекламасида смартфони 4 метргача сув остида ишлай олишини билдирган, аммо Италия ҳукумати iPhone маълум бир шароитлардагина сув ўтказмаслигини аниқлаган.

Мавзуга оид