Хитойда бошқарувчисиз машиналарнинг биринчи марта одам иштирокисиз синови ўтказилмоқда (видео)
Хитойнинг AutoX стартапи 3 декабрда Шэнчжэнда тўлиқ бошқарувчисиз машиналарини синовдан ўтказишни бошлади. Эътиборлиси, ушбу машиналар салонида одатда бундай синовлар вақтида ҳар эҳтимолга қарши ўтирадиган ҳайдовчилар йўқ бўлган ва машиналарни масофадан операторлар бошқармаган.
Ҳозирча синовларда Chrysler Pacifica минивэнлари негизида ишлаб чиқилган ва мустақил ҳаракатланиши учун зарур бўлган лидар, радар ва камералар билан жиҳозланган 25та машина иштирок этмоқда. Келгусида ушбу машиналарни такси сифатида қўллаш режалаштирилган, бироқ ҳозирча улар йўловчиларсиз синалмоқда.
AutoX стартапи бир неча ой аввал Waymo ва Nuro стартапларидан кейин АҚШнинг Калифорния штати йўлларида бошқарувчисиз машиналарни ҳайдовчисиз синашга рухсат олган учинчи компанияга айланганди. Хитойда эса стартап бундай синовларни ўтказаётган биринчи компания ҳисобланади.
AutoX эълон қилган видеода бошқарувчисиз автомобиллари имкониятларини ва уларнинг такси сифатида ва кичик ўлчамли юкларни етказишда қўлланиши мумкинлигини намойиш қилган.
Компания анчадан бери бошқарувчисиз машиналарни синовдан ўтказиб келади. Охирги йилларда AutoX’нинг 100та машинаси миллион мил йўл босиб ўтган. Худди шундай лойиҳаларни Хитойнинг бир қатор бошқа компаниялари, жумладан Deeproute.ai, Pony.ai, WeRide, Momenta ва Baidu амалга оширмоқда.
Мавзуга оид
21:44 / 27.09.2024
Танзила Норбоева Бутунхитой қўмитаси раиси билан учрашди
12:50 / 27.09.2024
Хитойда энг янги атом сувости кемаси чўкиб кетди
12:00 / 27.09.2024
Reuters: Россия Хитойда яширинча янги УУА моделини яратди
23:21 / 25.09.2024