Ўзбекистон | 14:20 / 04.12.2020
10121
7 дақиқада ўқилади

Ўзгараётган АОКА: У сўз эркинлиги ва мустақил матбуотга қандай таъсир қилмоқда?

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тугатилиб, ташкилот ҳукумат структурасидан олиниб, Президент Администрацияси қошида бошқатдан ташкил этилганда янгиланаётган Ўзбекистондаги ислоҳотларни ёритишда бош бўлсин, деган мақсад кўзланган эди.

Асаджон Ходжаев ва Комил Алламжонов

Комил Алламжонов агентликка директор этиб тайинлангач, ажойиб, кўпчиликка манзур жамоа шаклланди. Алламжонов–Мирзиёева тандеми томонидан журналист ва блогерларга, улар кўтариб чиқаётган ташаббус ва муаммоларга эътибор кучайди. Қаламкашларни қўллаб-қувватлаш бошланди. Ҳаттоки президентнинг маҳаллий ва хорижий ташрифларида хусусий ОАВ вакиллари ҳам иштирок эта бошлашди.

Жойлардаги тартибсиз «снос»лар, мактаб формаларини мажбурий жорий этиш, аёллар рўмоли ва шу каби ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама бўлаётган, бутун халқни ташвишга солаётган муаммолар давлат раҳбарининг қулоғига етказилди. Халқ ташвишлари эшитилди, керакли реакциялар билдирилди.

Ўшанда ҳам эркин фикр билдиришга қаршилар бор эди. Facebook ижтимоий тармоғи блокланди. Шунда ҳам уларнинг таъсири билан муаммо бартараф этилди.

Умуман, АОКА замонавий трендлардан четда қолмаётган эди. Агентлик собиқ директорининг «Бир йиллик фаолият ҳақида 2 дақиқада улгуриш» челленжга қўшилганини ёдга олинг.

АОКА томонидан амалга оширилган яна бир хайрли иш – барча вазирлик, идора ва давлат ташкилотларида Ахборот хизматлари ташкил этилгани бўлди. Ахборот хизматлари бошлиқлари ташкилот раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилди, уларнинг маошлари оширилди, ахборот хизматларининг моддий-техника базаси замонавийлаштирилди. Уларнинг фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш йўлга қўйилди.

Журналист ва блогерлар билан турли семинарлар, матбуот анжуманлари ва учрашувлар ташкил этила бошлади. Ўзбекистон ва жаҳоннинг бошқа шаҳарларида ҳам сўз эркинлигига бағишланган конференциялар ўтказилди.

Ўз-ўзидан, сўз эркинлигига оид жаҳоннинг нуфузли рейтингларида секин-аста кўтарилиш бошланди. Бу эътироф амалга оширилаётган ишлар самара бераётганидан дарак эди.

Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева 2020 йил 29 январда АОКА раҳбарлигидан кетишди. Улар ҳозир Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондини бошқаришмоқда. Ўша ерда ҳам Алламжонов жамоаси коронавирус пандемияси даврида ўзининг янги лойиҳалари ва ахборот кўмаги билан яна медиамаконда пайдо бўлди.

Асаджон Ходжаев АОКАга директор этиб тайинланганига кўп вақт бўлгани йўқ. 29 июль куни унинг тайинлангани эълон қилинди. Унгача агентликни Дилшод Саиджонов вақтинча бошқариб турди.

Ходжаев қисқа вақт ичида интернет-нашрлар таҳририятларига таҳдидли огоҳлантириш хатлари юборгани билан тилларга тушди. Таҳририятлар ушбу хатларга салбий муносабатларини билдириб чиқишди, воқеа жаҳон оммавий ахборот воситалари тилига тушди, юртимиздаги дипломатик миссиялар вакиллари ҳам буни ёқламасликларини очиқ айтишди.

Ушбу огоҳлантириш хатларидан сўнг АОКАнинг ижобий имижидан асар ҳам қолмагандек, сўнг қилинган ишлар абас кетгандек туюлмоқда. Кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлди, ОАВ соҳасидаги инсонлар Эски Ўзбекистон ҳамда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги вақтларини эслай бошлади.

Ҳозирдан тахмин қилиш мумкинки, огоҳлантириш хатлари билан боғлиқ резонансли воқеа сўз эркинлиги бўйича халқаро рейтинглардаги ўрнимизга таъсир қилмай қолмайди.

Воқеадан кўп ўтмай ташкил этилган сўз эркинлиги мавзусидаги давра суҳбати ҳам АОКА хатидан сўнг пайдо бўлган резонансга жавоб тариқасида ташкиллаштирилгандек.

Давра суҳбати давомида сўз берилган Асаджон Ходжаев шунда ҳам ўзи сабабчи бўлган вазият — таҳририятларга юборилган огоҳлантириш хатлари юзасидан тўхталиб ўтгани ёки тушунтириш бергани йўқ.

Кўплаб журналистларнинг дилида тугилган саволларга жавоб берилмасдан қолиб кетди.

Ўша АОКА томонидан берилган огоҳлантириш хатларига сабаб бўлган мақолаларнинг юзага келишида ҳам АОКА тизимидаги ходимларнинг ҳам «ҳисса»си бор: матбуот хизматлари журналистлар билан ҳамкорлик қилишдан ўзларини тия бошлашди. Маълумотлар билан бўлишмаслик, уларни яшириш, алоқага чиқмаслик, журналистларни менсимаслик орта бошлади.

Кўп узоққа бормаймиз. Жиззах вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ўз сайтида раддия эълон қилиб, «Kun.uz сайти Жиззахда қонуний тартибда фаолият юритаётган қурилиш фирмаси фаолиятига тўсқинлик қилмоқда», деб сарлавҳа қўймоқда. Ургут туман ҳокимлиги ахборот хизмати эса, танқидий мақолага муносабат билдира туриб, давлат рўйхатидан ўтган ОАВни «Kun.uz ижтимоий тармоғи», деб ёзмоқда.

Ҳолбуки, мақолаларда таҳририят аъзолари очиқ ахборотларни холис таҳлил қилишмоқда. Мақолалар нохолис кўринаётганига сабаб – уларга суриштирув давомида маълумот тақдим этмасдан, мақола эълон қилингач аюҳаннос солинмоқда.

Умуман, танқидий мақолаларни журналистлар раҳбарларга хусумат туфайли ёки одамларни норозиликка чорлаш учун ёзишаётгани йўқ. Шунчаки, бор ҳақиқатлар очилиб, хулоса чиқариш, жамоатчилик назоратини ҳосил қилиш мақсадида одамлар эътиборига ҳавола қилинмоқда. Мутасадди раҳбарлар инсофга чақирилмоқда. Қонунларимиз, давлат раҳбари ва ҳукумат томонидан белгилаб берилган чизиқ бўйича ҳаракат қилиш талаб қилинмоқда.

Лекин танқидга, очиқликка тоби йўқ айрим раҳбарлар ўзини давлат, таҳририятлар ва журналистларни персонал душман сифатида қабул қилаётгани ҳам таажжубланарли, ҳам хавотирли.

Муаммоларни ҳал қилиш ўрнига яшириш, уларни хаспўшлаш; очиқлаганларни жазолаш ва таҳдид қилиш, албатта, тескари самара беради. Буни теран англаб етиш лозим.

Муаммо эса чипқонга ўхшайди. Журналист чипқон чиққани ҳақида хабар беради, уни «даволаб тузатадиганлар» — мутасаддилар.

Чипқон даволанмаса, маддалаши аниқ.

Уни кўриб қолиб, барчани хабардор қилган одамни жазолагандан, оғзини ёпгандан фойда йўқ. Мана шу оддий ҳақиқатни «ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолсин» қабилида иш тутувчи раҳбарлар англаб олишса, яхши бўлар эди.

Бу йўлда АОКА аввалгидек журналистлар томонида бўлишини жуда-жуда истар эдик. Шундоқ ҳам бизни ёмон кўриб, турли босимларга дучор қилувчи нобоп раҳбарлар истаганча топилади. Уларнинг сафига АОКА ҳам қўшилиб қолишини ҳеч бир қаламкаш истамайди.

Умуман олганда, журналистга эркин ижоди учун давлат назорати эмас, давлат ҳамкорлиги, унинг қўллаб-қувватлови керак. Токи таҳририятларга турли босим, таҳдид қўнғироқлар бўлмасин.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz журналисти.

Мавзуга оид