Ҳиндистонда юзлаб кишилар номаълум касалликка чалинди. Бир киши вафот этган
Дам олиш кунлари Ҳиндистон жанубидаги Андхра-Прадеш штатида жойлашган Элуру шаҳрида номаълум касаллик авж ола бошлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Душанба тонгидаги маълумотларга кўра, касалликдан бир киши вафот этиб, 315 киши худди шу касаллик белгилари билан касалхонага ётқизилган.
Тиббиёт ходимларининг сўзларига кўра, касаллик аломатлари турлича намоён бўлмоқда. The Hindu газетаси маълум қилишича, беморларда бош айланиши, бош оғриғи ва эпилепсия (тутқаноқ) симптомлари кузатилмоқда.
Касаллик Ҳиндистонда коронавирус пандемияси авж олган вақтда бошланди. Мамлакат ҳозирда коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда иккинчи (9,7 млн ҳолат), ўлим ҳолатлари сони бўйича учинчи ўринда (140 мингдан ошиқ) жойлашган.
Андхра-Прадешда Covid-19 билан касалланганлар сони 800 мингдан ошиқ - бу Ҳиндистондаги 28 штат ва 8та иттифоқ ҳудуд бўйича учинчи кўрсаткичдир.
The Times of India маълумотларига қараганда, касалланганлар 5 декабрь, шанба куни шифокорларга мурожаат қила бошлаган. Ўша куни номаълум касаллик белгилари Элурунинг турли ҳудудларида яшовчи 45 кишида аниқланган.
Штат соғлиқни сақлаш вазири Кали Кришна Шринаваснинг сўзларига кўра, шу кунларда шифохоналарга олиб келинганларнинг барчасида коронавирус тести манфий натижа берган.
Нашрнинг ёзишича, экспертлар касаллик келиб чиқиши билан боғлиқ бир нечта версияларни кўриб чиқмоқда, улар орасида ҳаво ифлосланиши оқибатида ёки сифатсиз озиқ-овқатлардан заҳарланиш.
«Касалланганлар, айниқса болалар, кўзларида ачишишдан шикоят қилгач, бирдан қайт қила бошлашган. Улардан баъзилари ҳушидан кетган ёки уларни тутқаноқ тута бошлаган», деган Элурудаги шифохоналардан бирининг ходими Indian Express учун берган интервьюсида.
Маҳаллий соғлиқни сақлаш органлари хабар қилишича, касалланганлар тез соғаймоқда, уларнинг 100дан ортиғига уйга кетишга рухсат берилган. Айни пайтда сув, озиқ-овқатлар ва беморларнинг қон таҳлиллари натижалари кутилмоқда.
Штат бош вазири Жаганмохан Редди Элуруда касаллик сабабини аниқлаш учун мутахассислар жалб этилгани ва ўзи беморлар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан учрашмоқчи эканини маълум қилган.
«Касалланганларнинг уйларига бориб, биз гап сувда ёки ҳавода эканини истисно қилдик. Бу қандайдир сирли касаллик, лаборатор тадқиқотлар натижасига кўра бир гап айтиш мумкин», деган Кали Кришна Шринавас.
Мухолифатдаги Телугу Десам партияси эса оммавий заҳарланиш ҳақида гумон қилиб, синчиковлик билан текширув ўтказишни талаб қилган.
Мавзуга оид
18:07 / 24.12.2024
Ҳиндистон 2040 йилда Ойга ўз космонавтини учиради
23:25 / 23.12.2024
Бангладеш Ҳиндистондан собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани экстрадиция қилишга ёрдам беришни сўрамоқда
11:42 / 18.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳиндистон заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш имконини ўрганмоқда
20:02 / 17.12.2024