Ўзбекистон | 17:51 / 18.12.2020
8617
2 дақиқада ўқилади

Ерларни ажратиб беришнинг амалдаги тартиби шаффоф эмас – Русланбек Давлетов

Адлия вазири Русланбек Давлетов Сенат мажлисидаги чиқишида ер қонунчилиги соҳасидаги муаммоларни санади.

Фото: Сенат матбуот хизмати

«Ер қонунчилиги соҳасидаги муаммолар - мутасадди идоралар томонидан тизимга фақат энг чекка ва зарур инфратузилмага эга бўлмаган ерлар номигагина ҳамда расмиятчилик учун киритиб келинмоқда.

Масалан, ер участкаларини аукционга чиқариш тартиби жойига чиққан ҳолда ўрганилганда, Тошкент вилоятида Олмалиқ шаҳри ва Пискент туман, Фарғона вилоятида Марғилон шаҳри, Риштон, Ёзёвон, Бувайда, Фарғона ва Бешариқ туманлари, Навоий вилоятида Навоий шаҳри ва Қизилтепа туманида жозибадор ва талаб юқори бўлган ер участкалари ҳокимлар томонидан тўғридан тўғри ажратилган.

Ерга бўлган ҳуқуқларни таъминлаш бир четда турсин, ердан фойдаланувчиларга амалда етказилган зарарлар ҳам қопланмаяпти.

Ҳокимликлар томонидан қабул қилинган 27 мингдан ортиқ (2019 йилда 22,5 мингта, 2020 йил 6 ойида 5 мингга яқин) ер участкаларини ажратиш тўғрисидаги қарорларнинг 25 мингдан ортиғида (93 фоиз) ердан олдинги фойдаланувчиларнинг кўрган зарарлари ва бой берилган фойдаси ўрнини қоплаб бериш назарда тутилмаган).

Суғориладиган экин ерларини қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда бериш ҳолатлари учрамоқда.

Маълумот учун, 67 гектардан ортиқ суғориладиган экин ерлари бошқа мақсадларда ажратилгани аниқланди. Булар фақат танлов асосида ўрганилганда аниқлаганлари. Наманганда 54,2 га, Андижонда 8 га, Хоразмда 2,2 га, Самарқандда 2 га ҳамда Жиззахда 1,2 гани ташкил этади.

Ерларни ажратиб беришнинг амалдаги тартиби шаффоф эмас (фермер хўжаликларига ерлар 18 йил аввал қабул қилинган Низом бўйича 7 босқичли анъанавий усулда ўтказиладиган танлов асосида ажратилмоқда), деҳқон хўжаликка эса тўғридан тўғри бериш мумкин.

Ҳудудларда мажбурий тарзда аризаларни ёздириш орқали ижара шартномаларини «ихтиёрий» бекор қилиш амалиёти кенг тарқалган», деди Русланбек Давлетов.

Мавзуга оид