Ўзбекистон | 16:01 / 26.12.2020
5908
2 дақиқада ўқилади

«Ўртасарой» газ тақсимлаш станцияси қуввати икки бараварга оширилди

Жорий йилнинг 24 декабр куни “Ўзтрансгаз” ва “Тошкент иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур уюштирилди. 

Энергетика вазирлиги тизимидаги “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти табиий газни қазиб чиқарувчи маҳаллий ва хорижий компаниялардан олиб, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ва стратегик аҳамиятга эга бўлган ИЭСлар, "Ўзкимёсаноат" АЖ ҳамда бошқа улгуржи истеъмолчиларга етказиб беришга масъул ташкилот ҳисобланади.

“Ўзтрансгаз” АЖ матбуот хизмати бош мутахассиси Фарида Тожибоева жамият тасарруфидаги корхона ва бошқармалар, улардаги ишчи-ходимлар, иш олиб бориш кўлами ҳақида маълумот берди.

“Бугунги кунда “Ўзтрансгаз” АЖ тизимида унитар корхона, 6та магистрал газ қувурлари бошқармаси, 2та газни ер остида сақлаш иншооти, қурилиш бўйича МЧЖ ва дирекция фаолият юритади. Жамият тизимида 9 минг нафарга яқин мутахассис, ишчи ва ходим меҳнат қилади. 

“Ўзтрансгаз” томонидан узунлиги 13 минг 200 километрга яқин турли ўлчамдаги магистрал газ қувурларидан фойдаланиб келинмоқда. Тизимда 23та компрессор станцияси, 70га яқин газ ҳайдаш агрегатлари ва 412та газ тақсимлаш станцияси (ГТС) мавжуд”, дейди Фарида Тожибоева.

Бу ердаги газ босими фойдаланиш учун хавфсиз даражагача пасайтирилади ва истеъмолчиларга тарқатилади. Шу билан бирга, станцияларда газ қабул қилиш, аралашмалардан тозалаш ва узатилаётган газ миқдорини ҳисоб-китоб қилиш жараёнлари ҳам амалга оширилади. 

“ГТС қуввати соатига 25 минг метр кубдан 50 минг метр кубга етказилди. Станция газни соатига 15 минг метр куб саноат тармоғига, 35 минг метр кубни аҳолига тақсимлашга мўлжалланган”, дея таъкидлади Тошкент магистрал газ қувурлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Илҳом Соатов.

Шунингдек, пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари “Тошкент иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти фаолияти билан ҳам танишди.

Мавзуга оид