Ўзбекистон | 15:16 / 11.01.2021
64389
3 дақиқада ўқилади

Президент Жиззахга борди

Президент бир ҳафта давом этган меҳнат таътилини якунлади ва Ватан ҳимоячилари куни арафасида Жиззахдаги ҳарбий қисмни бориб кўрди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 11 январ куни Жиззах вилоятига борди.

Давлат раҳбари дастлаб Марказий ҳарбий округнинг артиллерия бригадасини бориб кўрди.

Мазкур ҳарбий қисмда катта ҳажмдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, барча замонавий қулайликлар яратилган. Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ушбу шароитларни кўздан кечирди.

«Асосий мақсадимиз - халқ билан армия бирдамлиги. Ҳарбий қисмлар эшиклари эл учун очиқ бўлиши керак. Миллий армиямизнинг нури, маънавияти ҳаммага етиб бориши зарур. Ёшларни бу ерга олиб келиб кўрсатиш, ўргатиш керак. Бу уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимиз тарихи ва қудрати ҳақида билимларини бойитишга хизмат қилади. Бундан ота-оналар ҳам хурсанд бўлади», деди президент.

Ўқув биноси энг илғор ҳарбий тайёргарлик талабларига мос жиҳозланган. Ўқув тренажёрлари жанговар вазиятга максимал яқинлаштирилган.

Давлат раҳбари аскарларнинг ўқув-машғулотларини кўздан кечирди. Ҳарбий билим ва кўникмаларни мактаб давриданоқ тўғри йўлга қўйиш, ҳарбий билим юртлари билан ҳарбий округлар ўртасидаги алоқани кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга бугун дунёда кузатилаётган хавф-хатарлардан келиб чиқиб, жанговар тайёргарликни янги поғонага кўтариш, хориж тажрибасини ўрганиш, энг илғор ахборот технологияларини ўзлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ётоқхоналарда ҳарбий хизматчиларнинг яшаши, дам олиши, вақтини мазмунли ўтказиб, билимларини мустаҳкамлаши учун барча қулайликлар бор.

Ҳарбий қисм ошхонасига хизмат кўрсатиш бўйича аутсорсинг тизими жорий қилинган. Бу аскарларнинг ҳамма вақти ва куч-ғайратини профессионал тайёргарликка қаратиш имконини бермоқда.

Шавкат Мирзиёев ҳарбий қисмдаги тиббиёт пунктини кириб кўрди. Бу ерда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига малакали хизмат кўрсатилмоқда.

Президент ушбу пунктдаги ускуна ва кадрлар салоҳиятидан фойдаланиб, ҳарбий қисм яқинидаги «Олмачи» маҳалласи аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказиш, халқ саломатлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Мудофаа вазирлигининг захираси сифатида ҳар бири 500 ўринлик иккита мобил госпитал ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.

Мавзуга оид