Жаҳон | 15:19 / 17.01.2021
26602
2 дақиқада ўқилади

Рафиқ Нишонов Россиянинг Александр Невский ордени билан мукофотланди

Фото: TASS

Россия президенти Владимир Путин Собиқ иттифоқ ва ўзбек дипломати, 15 январда 95 ёшини қаршилаган Рафиқ Нишоновни Александр Невский ордени билан мукофотлаш ҳақидаги фармонни имзолади

“Давлат олдидаги улкан хизматлари ва кўп йиллик ҳалол иши учун Нишонов Рафиқ Нишонович Александр Невский ордени билан тақдирлансин”, деб айтилган фармонда.

Рафиқ Нишонов 1926 йилда Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳрида таваллуд топган. 1970-1978 йилларда Собиқ иттифоқнинг Шри-Ланка ва Малдив Республикасидаги элчиси лавозимини эгаллаган. Нишонов Шри-Ланкада элчи бўлган вақтда Россиянинг амалдаги ташқи ишлар вазири Сергей Лавров дипломатик фаолиятини элчи ёрдамчиси сифатида бошлаган.

Нишонов 1985 йилда Ўзбекистонга қайтиб, республиканинг ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаган. 1986 йил декабрдан 1988 йил апрелгача Ўзбекистон Олий кенгаши Президиуми раиси ва Собиқ иттифоқ Олий кенгаши Президиуми раиси ўринбосари лавозимларини эгаллаган.

1988 йил январдан 1989 йил июнгача Ўзбекистон компартияси марказий қўмитаси биринчи котиби лавозимини эгаллаган. 

1989 йил 6 июнда Собиқ иттифоқ Олий кенгаши миллатлар кенгаши раиси этиб сайланган.

1991 йил ноябрда пенсияга чиққан.

Мавзуга оид