Иқтисодиёт | 15:38 / 24.01.2021
18104
2 дақиқада ўқилади

Айрим товарларнинг нархларини чет эл валюталарига боғлаш мумкин бўлди

Президент қарорларидаги ДХШлар ва ҳукумат орқали кириб келган инвестиция лойиҳаларига ўз маҳсулот ва хизматлари нархини хориж валютасига боғлаб қўйишга рухсат берилди.

Фото: РИА Новости

22 январь куни имзоланган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, президент қарорлари асосида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ва ҳукумат орқали жалб этилган чет эл инвестициялари лойиҳалари бўйича Ўзбекистонда реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархлари чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланиши мумкин.

Илгари бундай тартиб йўқ эди.

Янги қонунда белгиланишича, концессиялар билан боғлиқ муносабатлар «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади. Концессия лойиҳаларини рўёбга чиқариш ДХШ лойиҳалари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Концессия – чет эллик инвесторга хўжалик фаолиятининг муайян тури билан шуғулланиш учун давлат номидан бериладиган рухсатнома. Бунда давлат чет эллик инвесторга концессия шартномаси тузиш асосида мол-мулк, ер ва ер ости участкаларини топширади.

Эндиликда фақатгина қиймати 1 миллион доллардан ортиқ лойиҳаларнинг тендер ҳужжатлари ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларнинг лойиҳалари келишилади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига оид маълумотларнинг эълон қилинадиган қисми аниқлаштирилди.

Хусусан, бунда қуйидаги маълумотлар расмий веб-сайтларга жойлаштирилади:

  • лойиҳа тарафларининг номи;
  • лойиҳанинг фаолият йўналиши;
  • лойиҳанинг жойлашган ери;
  • лойиҳани амалга ошириш муддати;
  • истеъмолчиларга реализация қилинадиган товарларнинг;
  • лойиҳанинг умумий қиймати;
  • давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми ва турлари.

Киритилган қўшимчалар билан маҳаллий ижро органларининг ДХШ соҳасидаги ваколатлари ҳам белгиланди.

Мавзуга оид