Ўзбекистон | 21:13 / 09.02.2021
53284
4 дақиқада ўқилади

Фарғона шаҳрига янги ҳоким ва сектор раҳбарлари тайинланди

Фарғона шаҳрининг тўртта сектор раҳбари — шаҳарнинг янги ҳокими, янги прокурор, ИИБнинг янги бошлиғи ва туман солиқ инспекциясининг янги раҳбари тайинланди.

Бугун, 9 феврал куни Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди ва нутқ сўзлади. Вилоят ҳокими ўз сўзида давлат раҳбарининг 4-5 феврал кунлари вилоятга ташрифи давомида Фарғона шаҳрида кўзга ташланган камчиликлар ҳақида батафсил тўхталиб, шаҳарда йиғилиб қолган муаммолар ва тезкор ечимини кутаётган масалаларни танқидий таҳлил қилди, уларни ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Бугунги сессияда шаҳарнинг янги ҳокимини тайинлаш билан боғлиқ ташкилий масала кўрилди.

Вилоят ҳокими томонидан тақдим этилган Мирзоҳид Муродилович Убайдуллаев номзоди Фарғона шаҳар депутатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди ва у шаҳарнинг янги ҳокими этиб тасдиқланди.

Мирзоҳид Убайдуллаев

Мирзоҳид Убайдуллаев 1976 йил Фарғона туманида туғилган. 1999 йил Фарғона политехника институтини, 2013 йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий бизнес мактабини тамомлаган. 2014-2015 йилларда вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи, 2015-2016 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари, 2016-2020 йилларда Марғилон шаҳар ҳокими каби лавозимларда ишлаган.

У 2020 йил апрелидан буён вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётганди.

Фарғона вилояти прокурорининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган Дилмурод Қобулович Қобулов Республика бош прокурорининг буйруғи билан Фарғона шаҳрининг прокурори этиб тайинланди. 

Дилмурод Қобулов

Дилмурод Қобулов 1981 йилда Андижон вилояти Балиқчи туманида туғилган. Андижон вилоят прокуратурасида ҳамда Республика Бош прокуратурасида масъул вазифаларда ишлаган. Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ва Оҳангарон шаҳри, Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани прокурори лавозимларида фаолият олиб борган.

Подполковник Дилмурод Қобилович Асқаров Ички ишлар вазири буйруғи билан Фарғона шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи этиб тайинланди.

Дилмурод Асқаров

Дилмурод Асқаров 1979 йилда Тошлоқ туманида туғилган. 2002  йилдан ички ишлар тизимида турли вазифаларда фаолият олиб борган. Марғилон шаҳар ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, Қува туман ИИБ бошлиғи лавозимларида ишлаган. У шу вақтгача Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келаётганди.

Шунингдек, ДСҚ раиси буйруғи билан Нуриддин Аҳмаджонович Эркабоев шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи этиб тайинланган.

Нуриддин Эркабоев 1983 йилда Бешариқ туманида туғилган. Тошкент молия институтини тамомлаган. Тошкент шаҳар солиқ бошқармасида турли масъул лавозимларда фаолият олиб борган. Тайинловга қадар Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси Солиқ назорати бўлими Геология ва ёқилғи-энергетика комплексларининг солиқ назорати шўъбаси бошлиғи бўлиб ишлаб келган.

Бобурбек Мўминов эса шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасида иш бошлаган.

  • Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона шаҳридаги маҳаллалардан бирига кутилмаган ташрифи ортидан шаҳар ҳокими, прокурор, ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва солиқ инспекцияси раҳбари ўз лавозимларидан озод этилганди.

Мавзуга оид