Ўзбекистон | 14:10 / 11.02.2021
13649
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида яна бир туманга янги ҳоким тайинланди

Халқ депутатлари Андижон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Қайд этилишича, сессияда Андижон тумани ҳокими лавозимига Абдужаббор Эгамбердиев тайинланди.

Абдужаббор Эгамбердиев 1974 йилда Балиқчи туманида туғилган. 1998 йилда Андижон қишлоқ хўжалиги институтининг кундузги бўлимини тамомлаган.

У 1998-2007 йилларда Улуғнор тумани Давлат солиқ инспекцияси инспектори, ҳисоботлар қабул қилиш шуъбаси катта инспектори, ҳуқуқий шахсларни солиққа тортиш бўлими бошлиғи, бошлиғининг биринчи ўринбосари, 2007-2009 йилларда Бўз тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 2009-2011 йилларда Улуғнор тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 2011-2012 йилларда Қўрғонтепа тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 2012-2013 йилларда Андижон шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи бўлган.

Абдужаббор Эгамбердиев 2013 йилдан Андижон вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари сифатида иш бошлаган. Кейинроқ бу лавозим бир неча марта ўзгарган - у 2016-2017 йилларда Андижон вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳаси ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари, 2017-2019 йилларда Андижон вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, 2019-2020 йилларда Андижон вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, 2020 йилдан  Андижон вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари - Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган.

Бугун у вилоят ҳокими ўринбосари лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнини шу вақтгача Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи бўлган Отабек Турсунов эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, Андижон туманини 2012 йилдан Улуғбек Исомиддинов бошқарган, 2020 йил апрелида у вазифасидан озод этилгани хабар қилинганди, аммо ҳозиргача бу ҳақда расман хабар берилмаганди.

Мавзуга оид