Ўзбекистон | 11:33 / 11.02.2021
45353
2 дақиқада ўқилади

«Мен огоҳлантирмай борган маҳалла 80-йилларда қолиб кетган» – президент

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилги давлат дастурида режалаштирилган вазифаларни амалга оширишга бағишланган видеоселекторда ўзининг Фарғона вилоятига ташрифи таассуротлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Одамлар ура-уралардан, қоғозлардаги баландпарвоз гаплардан чарчаган. Мен Фарғонадан жуда хафа бўлиб қайтдим. Ўзим огоҳлантирмай борган «Шодиёна» маҳалласи 80-йилларда қолиб кетган. Атроф қаровсиз, кўчаларда чиқиндилар...

Нега шаҳар ҳокими ўзини қийнамайди? Нега мутасаддилар бу нарсаларни ўйламайдилар?!

Бизда назорат тизими йўқ. Нега солиқ қўмитаси раҳбари Кудбиев, Ички ишлар вазири Бобожонов пастга тушиб ҳудудларда ишламайди? Нега сизлар Худайбергеновга (президент маслаҳатчиси) ўхшаб қоғозда эмас, амалда натижа кўрсатмайсизлар?» деган саволларни қўйган президент.

Давлат раҳбари Тошкент вилояти ҳокими ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазири ишдан олингани, бу фақат бошланиши эканлигини яна бир бор эслатди. Шунингдек, вазирлар тез орада янгича тизим асосида ишлашини маълум қилди.

«Вазирлар душанба куни бош вазирга ҳисоботларини беради, янги иш режасини тузиб олади ва вилоятларга жўнайди. Фақат шанба ва якшанба кунлари Тошкентда бўлишади. Душанбадан яна ҳудудларга боришади. Агар ҳафта ўртасида бирорта вазирни пойтахтда кўрсам ишдан оламан. Ҳамма жон куйдириб ишлаши керак», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбир давомида давлат раҳбари бундан буён қайси маҳаллага ташриф буюришини олдиндан ҳеч ким билмаслиги ҳақида айтиб ўтганди.

  • Эслатиб ўтамиз, 4-5 феврал кунлари Фарғона вилоятига сафари давомида президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳридаги «Шодиёна» маҳалласига олдиндан режалаштирилмаган ҳолда ташриф буюрди. Маҳаллага ташриф якунида президент сектор раҳбарлари фаолиятидан қониқиш билдирмаган ва шаҳар ҳокими, прокурор, ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда солиқ инспекцияси раҳбари ўз лавозимларидан озод этилганди.

Мавзуга оид