«Маҳаллабай ишламаган ҳоким сиёсатимизга хиёнат қилибди» — Шавкат Мирзиёев
3 март куни президент Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш бўйича селектор ўтказди. Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳам сўзга чиқди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Бунёдкор маҳалласига борганингизда шу маҳалладаги ҳолат учун жуда хижолат бўлдим. Кўпчилик ўйлаяпти, фақат «Бунёдкор» маҳалласи обод бўладими, деб. Йўқ, ҳамма маҳаллалар билан навбати билан шуғулланамиз.
Фармон билан танишиб чиқдик. Уй-жой масаласи ечимида қабул қилинаётган бу фармон жуда муҳим. Чунки 30 йил деярли қурилиш билан шуғулланмадик», – деди Шавкат Абдураззоқов.
Давлат раҳбари Наманган ҳокимининг маҳаллага бориб яшаётганидан хурсандлигини айтди.
«Мен ўша маҳаллага бориб яшаётганингизни эшитиб хурсанд бўлдим. Бунёдкор маҳалласи ўрнак бўлсин. Умуман, ҳар бир ҳоким эшитиб олсин, мен ҳамма жойга етиб бораман. Маҳаллабай ишламаган ҳоким сиёсатимизга хиёнат қилибди, ундайлар биз билан ишлай олмайди.
Олдин ёрдам беришда қинғирликлар бўларди, ҳозир турли дафтарларни тузганимиздан кейин ҳаммаси шаффоф бўлди. Энди шулар устида ишлашимиз керак», – таъкидлади президент.
Эслатиб ўтамиз, 19 февраль куни Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрига ташрифи вақтида, режадан ташқари равишда шаҳардаги Бунёдкор маҳалласига борганди.
Президент маҳалладаги камчиликларга гувоҳ бўлгач, Наманган шаҳри ҳокими ва прокурори алмаштирилди. Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов контейнер-уй қурдириб, шу ерда яшашга ваъда берди.
Кўп ўтмай, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Олот туманидаги Давлатбой маҳалласига контейнер ўрнатди; ўзи ва штаби шу ерда туриб фуқароларни қабул қилиши айтилди.
Мавзуга оид
16:16
Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари телефон орқали суҳбатлашди
09:27
Шавкат Мирзиёев Россияга ташриф буюради
20:43 / 23.12.2024
Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади
13:58 / 20.12.2024