Ўзбекистон | 15:24 / 14.03.2021
7817
2 дақиқада ўқилади

Халқаро киберспорт федерацияси президенти Тошкентга келди

Esports Uzbekistan федерацияси (UESF) президенти Азизбек Паттахов 6 март куни International Esports Federation (IESF) президенти Влад Маринеску билан учрашди.

Тошкентда ташкил этилган учрашувда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, Марказий Осиёда киберспортни оммалаштириш, ушбу йўналишда халқаро мусобақаларни кўпайтирган ҳолда, унинг Олимпиада ўйинларига қўшилишига кўмаклашиш каби мавзулар кун тартибидан ўрин олди.

Музокараларда IESF'нинг лойиҳаларида Ўзбекистон ҳам фаол қатнашаётгани ва қўллаб-қувватлаб келаётгани эътироф этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон киберспорт федерацияси хабар бермоқда.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда киберспорт ривожланиб бориши жараёнида IESF'нинг тўлақонли аъзоси ҳисобланган Esports Uzbekistan федерацияси бу борада катта мақсадларни ўз олдига қўйган. IESF президенти федерациянинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Влад Маринеску Тошкентда йирик киберспорт турнирларини ўтказишга шароитлар борлигини қайд этди. Азизбек Паттахов ушбу шароит ва ютуқлар президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёшлар ва спорт соҳасига қаратилаётган эътибор маҳсули экани, кўплаб мусобақалар давлат томонидан молиялаштирилаётганини таъкидлади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон киберспорт федерацияси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамкорликда кўплаб мусобақаларни ташкил этмоқда. Келгусида бундай катта мусобақаларни Миллий олимпия қўмитаси билан ҳам биргаликда амалга ошириш режа қилинган.

Учрашув якунида IESF раҳбари тез орада Ўзбекистонга яна ташриф буюриши ва келгуси режаларни амалга оширишда икки томон ҳам бир-бирига кўмаклашишига келишиб олинди, дейилади хабарда.

Мавзуга оид