Жамият | 14:17 / 15.03.2021
92396
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда 2 нафар болани қасддан ўлдириб, ёқиб юборган аёл қўлга олинди

Фото: Самарқанд вилоят прокуратураси

Самарқанд вилояти Пайариқ туманида 2 нафар болани қасддан ўлдириб ёқиб юборган ва жиноят изини яшириш учун жасад қолдиқларини кўмиб ташлаган аёл қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 2021 йил 14 март куни Пайариқ тумани Алишер Навоий маҳалласида яшовчи М.Т. туман ИИБ га ариза билан мурожаат қилиб, 2021 йил 13 март куни вояга етмаган 2007 ва 2013 йилда туғилган фарзандлари яшаш уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, бедарак йўқолганлигини ва уларни топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Шундан сўнг, мурожаат юзасидан туман прокуратураси раҳбарлигидаги тергов-тезкор гуруҳи томонидан амалга оширилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида Пайариқ тумани Алишер Навоий маҳалласидаги ҳовлидан вояга етмаганларнинг мурдаси ёқиб юборилиб, кўмилган ҳолатда топилган.

Аниқланишича, 2021 йил 13 март куни О.Т. таниши М.Т.нинг яшаш уйига яширин равишда ўғирликка кириб, хонадонда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, пул ва қимматли буюмларни қидираётган вақтида М.Т.нинг 2 нафар фарзанди мактабдан уйга қайтади ва содир этилаётган жиноятининг гувоҳ бўлиб қолади. 

Бундан ташвишга тушган О.Т. ўз жиноятини яшириш ва вояга етмаган болаларни қасддан ўлдириш мақсадида уларни алдаб, ўзининг яшаш хонадонига олиб боради. Кўзи қонга тўлган жиноятчи ўз ҳовлисида белкурак билан дастлаб А.Т.ни, кейин унинг акаси С.Т.нинг бош ва бўйин қисмига зарб билан уриб, тан жароҳати етказиб, уларни қасддан ўлдиради.

Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 14 март куни жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а», «в», «ж» ва «о» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, О.Т. ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланган ҳолда жиноят-процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланган ва бу ҳақда гумон қилинувчининг яқин қариндошига телефон орқали хабар берилган.

Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари Самарқанд вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда. Жиноят иши тергови шахсан вилоят прокурори Р.Машарипов томонидан назоратга олинган.

Мавзуга оид