Ўзбекистон | 23:45 / 16.03.2021
29642
12 дақиқада ўқилади

CoviShield Ўзбекистонга келмоқда. Вакцинация ҳақида сўнгги маълумотлар

Ўзбекистонда тез орада аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бошланади. Мамлакат 17 мартга ўтар кечаси Тошкент халқаро аэропортида Covishield вакциналаридан 660 минг дозани қабул қилиб олади.

Фото: Getty Images

Феврал ойи бошида Ўзбекистон Британиядаги Оксфорд университети ва AstraZeneca компанияси томонидан тайёрланган вакцинадан 2,6 миллион доза олиши ҳақида хабар берилганди. Бугун эса Ўзбекистонга Ҳиндистонда ишлаб чиқарилаётган CoviShield вакцинаси олиб келинаётгани маълум бўлди.

5 март куни республикага шприц ва хавфсиз утилизация қутилари келтирилиб, тақсимот асосида жойларга тарқатилганди. 

Санитария-эпидемиология хизмати хабарига кўра, 1,98 миллион долларлик вакциналар Тошкент халқаро аэропортига соат 01:55да етиб келади. Улар ЮНИСЕФ томонидан COVAX дастури доирасида олиб келинмоқда. Вакциналар Ўзбекистонга бепул етказиб берилади.

2,6 миллион дозалик миқдорнинг 35-40 фоизи 2021 йилнинг биринчи чорагида, қолган қисми иккинчи чоракдан дунё бўйлаб вакциналарни ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, босқичма-босқич етказиб берилиши режалаштирилган.

Covishield бу AstraZeneca’ми?
Бу вакциналар бир-биридан фарқ қилмайди. CoviShield - AstraZeneca вакцинасининг ҳиндча муқобили ҳисобланади. AstraZeneca 2020 йил кузида Ҳиндистоннинг Серум институти (Serum Institute) билан коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш бўйича келишув имзолаган. Вакцина ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчилардан бўлган бу институт AstraZeneca’ни лицензия асосида ишлаб чиқармоқда. Ҳиндларнинг Astra Zeneca’сининг маҳаллий номи CoviShield деб аталади. Институтда ойига 50 миллион дозадан ортиқ вакцина ишлаб чиқариш мумкин.

AstraZeneca вакцинаси Ҳиндистондан ташқари Жанубий Кореяда ҳам ишлаб чиқарилмоқда. ЖССТ икки ишлаб чиқарувчини ҳам маъқуллаб берган.

Ҳиндистон Лотин Америкаси, Кариб денгизи ҳавзаси, Осиё ва Африкадаги 71 давлатга 58 миллион доза вакцина етказиб беради. Бу давлатлар орасида Буюк Британия, Канада, Бразилия ва Мексика каби давлатлар бор.

AstraZeneca қандай ишлайди?
Оксфорд вакцинаси деб ҳам аталадиган AstraZeneca Оксфорд университети ва AstraZeneca номидаги инглиз-швед фармацевтик компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.

Бу вакцина вектор технологиялари асосида ишлаб чиқариляпти. Бундай технологияда бир вируснинг генетик материалини етказиш учун оддий шамоллашнинг аденовируслар оиласидан бўлган бошқа бир вируснинг қобиғидан фойдаланилади. Бу йиллар давомида вакцина яратилишида фойдаланиб келинган технология. Масалан, Эбола вирусига қарши вакцина шундай яратилган.

Оксфорд тадқиқотчилари шимпанзе аденовирусидан фойдаланишади. Касаллик қўзғатувчи аденовирус гени йўқ қилинади. Унинг ўрнига коронавирус оқсили коди билан ген жойлаштирилади. Бу иммун тизимига туриб бера олиш ва антитаначалар ишлаб чиқариш имконини берувчи хавфсиз технологиядир. Антитаначалар эса одамни шикастланишдан сақлайди. Вакцина бу – соғлом одам тез тузалиб кетиши кафолатланган ҳолда вирус ёки бактерия билан атай шикастлашдир.

Вакцина пациент танасига киритилганида, у иммун тизимини антитаналар ишлаб чиқаришни бошлашга ҳамда ҳар қандай коронавирус инфекциясига ҳужум қилишга ундайди.

Уни ташиш ва сақлаш талаблари бошқа вакциналар билан солиштирганда анча осон — вакцина 2–8 даражада, оддий музлаткичларда яхши сақланади. Масалан, Pfizer-BioNTech томонидан тайёрланган вакцина -70 даражада сақланиши керак бўлади ва уни фақат чекланган миқдорда ташиш мумкин.

Covid-19’га қарши ҳимоялашда самарадорлиги - 62 фоиздан 90 фоизгача.

Вакцинация қандай бўлади?
CoviShield вакцинаси икки дозада танага юборилади - оралиқ 4 ҳафтадан 12 ҳафтагача бўлади.

Айрим тадқиқотларга кўра, биринчи ва иккинчи дозалар орасида узоқроқ оралиқ бўлган ҳолатда вакцинанинг самарадорлиги нисбатан юқорироқ бўлади. Синовларда дастлаб ярим доза, кейинги сафар бутун доза юборилганида самарадорлик 90 фоизгача етган.

AstraZeneca вакциналари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Европа дори-дармон агентлиги (EMA) томонидан фойдаланиш учун тасдиқланган. 

Буюк Британия, Бразилия ва Жанубий Африкада 23 мингдан ортиқ кишида ўтказилган кенг кўламли клиник синовлари AstraZeneca - хавфсиз ва 18 ёшдан катталарни Covid-19 профилактикаси учун эмлашда самарали эканини кўрсатган. Кейинроқ вакцина 6 ёшдан 17 ёшгача бўлганларда ҳам синалган.

SOPA IMAGES GETTY IMAGES

Ножўя таъсирлар
Дастлаб кўплаб давлатлар ҳукуматлари AstraZeneca’ни 65 ёшдан катталарга қўлламасликни тавсия қилганди. Бу хавотир AstraZeneca вакцинаси синовлари вакцина улар учун самарали экани ҳақида хулоса чиқаришга етгулик даражадаги кўп сонли кекса кишиларда синалмаганига асосланганди.

Оксфорддаги гуруҳ раҳбари, профессор Эндрю Поллард AstraZeneca вакцинасини 65 ёшдан катталарга қўллашда хавотирланишга ҳожат йўқлигини айтиб чиққан.

Шунингдек, AstraZeneca Жанубий Африка штаммига қарши (касалликнинг енгил ва ўрта шаклларида) ҳимоялай олмаслиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Аммо компаниядагилар вакцина коронавирусга қарши бошқа вакциналар каби антитаналар ишлаб чиқаришига асосланган ҳолда у жиддий ҳолатлардан ҳимоялай олишига ишонч билдиришганди.

Сўнгги кунларда Европа давлатларида ушбу вакцинага ишончсизлик пайдо бўлди. Қонда тромблар пайдо бўлиши кузатилгани сабаб AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш Дания, Норвегия, Исландия, Италия, Австрия, Эстония, Латвия, Литва, Люксембург, Германия, Франция, Испания, Болгария, Нидерландия, Португалия, Кипр, Словения ва ҳатто Швецияда ҳам тўхтатилгани, Таиландда эса кейинга қолдирилгани маълум қилинди.

Martin Bureau / AFP / Scanpix / LETA

ЖССТ ва компания муносабати
ЖССТ AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни тўхтатишга сабаб кўрмаётганини маълум қилган. «Ҳа, биз AstraZeneca вакцинасини қўллашда давом этишимиз керак. Уни ишлатмаслик учун ҳеч қандай сабаб йўқ», дея таъкидлаган ташкилот вакили Маргарет Ҳаррис.

Кейинроқ AstraZeneca эмлашнинг ножўя таъсири тўғрисидаги хабарларга жавоб берди. 

«Беморларнинг хавфсизлиги AstraZeneca учун энг устувор масала. Тартибга солувчилар фақат самарадорлиги юқори ва хавфсиз вакциналарни фойдаланиш учун тасдиқлайди ва AstraZeneca компаниясининг вакцинаси шундайлардан бири. Вакцинанинг хавфсизлиги батафсил ўрганилган ва ижобий хулоса берилган», деб таъкидлаган компания вакили.

Европанинг Дори-дармон воситалари агентлиги (EMA) маълумотларига кўра, Евроиттифоқ ҳудудида AstraZeneca вакцинаси билан эмланганларнинг 37 нафарида (17 миллион кишидан) тромб пайдо бўлиш ҳолати қайд этилган. Бу ҳодиса вакцинадан фойдаланиш билан боғланмаган, лекин ўлим ҳолатларини текшириш давом этмоқда.

Агентлик раҳбари Эмер Кукнинг бу вакцинанинг фойдаси хавфидан кўра устунроқ эканига ишончи комил.

«Биз биламизки, ЕИда минглаб кишиларда тромбоз бўлади, биз эмланганлардаги бундай ҳолатларнинг асл сабаби нималигини билишни истаймиз. Тадқиқотлар давом этмоқда, аммо айни пайтда Covid-19'дан ҳимоялайдиган, шифохонага ётиш ва ўлишдан сақлайдиган AstraZeneca’нинг фойдаси хавфдан юқори эканига қатъий ишонамиз», деган Эмер Кук.

EMA тадқиқотлари натижалари пайшанба куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Кукнинг айтишича, эмланганларда тромбоз юзага келиши сабаблари бўйича тадқиқот натижалари пайшанба куни маълум бўлади.

Ўзбекистон эса ушбу вакцинадан фойдаланади

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Хайрулло Мустафоев юқоридаги ҳолатлардан сўнг ҳам вакцина Ўзбекистонга олиб келинадими, деган саволга жавоб берган.

«Хабарларни мен ҳам ўқидим. Ўйлаб кўрайлик, Дания, Швеция Европа давлатлари ичида энг ривожлангани. Улар ҳам шу вакцинадан фойдаланяпти. Энди ҳозир тўхтатиб қўйди. AstraZeneca ҳамма синовлардан ўтган, ЖССТ томонидан тавсия берилган. Бизнинг олимлар ҳам уни текширган. Ваҳимага ёки хавотирга ўрин йўқ», дейди у.

Шунингдек, профессор қонида коронавирусга қарши антитаначалар мавжуд бўлган одамлар эмланмагани маъқуллигини таъкидлади.

«Антитанача бўлса, нима қиламиз яна эмлаб. Буни бамаслаҳат тиббиёт ходимларимиз, олимларимиз яна тавсия беради. Дастлабки жараёнда муҳтож аҳолини ҳимоялаш керак», дейди тиббиёт фанлари доктори.

Кимлар биринчи эмланади?

Ўзбекистонда биринчи навбатда коронавирусга қарши эмланадиган аҳоли сони 4 млн 112 минг 668 нафарни ташкил этади.

Биринчи навбатда коронавирусга қарши эмланадиган аҳоли қатламлари:

  • 65-74 ёшгача бўлган қариялар – 1 млн 85 минг 797 нафар;
  • 75 ёшдан 84 ёшгача бўлган кексалар – 388 минг 686 нафар;
  • 85 ёш ва ундан юқори кексалар – 139 минг 280 нафар;
  • Тиббиёт ходимлари – 447 минг 976 нафар;
  • Сурункали касалликлари бор аҳоли (18-65 ёш) – 888 190 нафар;
  • Мактаб ўқитувчилари – 689 минг 383 нафар;
  • Мактабгача таълим муассасаси ходимлари – 223 минг 426 нафар;
  • Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари – 180 минг нафар.

Ўзбекистонда эмлаш жараёнига 3138та эмлаш пунктлари, 862та мобил бригадалар (ҳар бирида 1 нафар оилавий шифокор, 1 нафар вакцинатор ва 1 нафар муолажа ҳамшираси мавжуд) жалб этилган. Вакцина олиб келиниши кўпайгач, хусусий клиникаларда ҳам эмлаш ишлари амалга оширилади.

Ушбу фуқаролар ўзлари яшайдиган ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида ташкил этилган эмлаш хоналарида эмланади.

Кимларга эмланиш тавсия этилмайди?
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков COVID-19’га қарши кимларга эмланиш тавсия этилмаслиги, эмлангандан кейин қандай асоратлар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволларга жавоб берган.

«Эмлаш тадбирларини амалга ошириш пайтида ушбу вакцинани ишлаб чиқарган ташкилотнинг тавсияларига амал қилинади. ОИВ инфекциясига ёки аутоиммун касалликларига чалинган шахсларни, шу жумладан, анамнезида оғир аллергик реакциялари мавжуд бўлган шахсларни, ҳомиладорларни, эмизикли аёлларни ва 18 ёшгача бўлган аҳоли қатламини эмлаш тавсия этилмайди.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам эмлаш тўғрисидаги қарор тиббий кўрик натижасида қабул қилинади. Мабодо эмлашга монелик қиладиган у ёки бу турдаги ҳолатлар кузатилса, тиббий кўрик ўтказаётган шифокор, албатта, унга эътибор қаратади», дейди у.

Ўзбекистонга яна қандай вакциналар келади?
Ўзбекистонда коронавирусга қарши илк вакцина сифатида Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган вакцина 1 март куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Ўзбекистоннинг ҳиссаси ва саъй-ҳаракатларини инобатга олиб, компания ZF 2001 вакцинани бирга яратган ҳаммуаллиф мамлакат сифатида белгилади. Ушбу янги вакцинани ZF-UZ-VAC 2001 номи билан ишлаб чиқариш фойдаланишга келишилган.

Хитой компанияси мазкур вакцинани ҳамкорликда ишлаб чиқариш учун Ўзбекистонда фаолият юритаётган бир қатор фармацевтика корхоналари фаолиятини ўрганиб, лаборатория ҳамда техник ва ишлаб чиқариш қувватларини инобатга олиб, Jurabek Laboratories МЧЖ қўшма корхонасини танлаган. Ушбу вакцина 1 март куни давлат рўйхатидан ўтказилган.

ЖССТ қўллашга рухсат берган Pfizer ҳамда BioNTech корхоналари томонидан ишлаб чиқилган вакцинани Ўзбекистонда ҳам эмлаш жараёнига жалб қилиш учун 100 минг дозага расман буюртма берилган. Ушбу вакцина Германия кўмаги билан COVAX ташаббуси доирасида етказиб берилади. Германия канцлери Ангела Меркел 12 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан онлайн учрашув вақтида март ойи охирида Ўзбекистонга коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи йирик партияси етказиб берилишини маълум қилганди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Ботиржон Қурбонов ҳозирда Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида Pfizer-BioNTech вакцинасини 70 даража совуқда сақлаш имконини берадиган музлаткичлар ҳозирлаб қўйилганини билдирган.

Феврал ойи ўрталарида Ўзбекистонда Россиянинг «Спутник V» вакцинасини қўллашга рухсат берилди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «Спутник V» вакцинаси Ўзбекистонда рўйхатга олинганини айтган, бу вакцинадан 1 миллион доза сотиб олиниши кутилмоқда.

Коронавирус инфо канали

Мавзуга оид