Ўзбекистон | 10:45 / 17.03.2021
13169
2 дақиқада ўқилади

Депутат Фарғона вилояти ҳокимининг янги биринчи ўринбосарига айланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Аваз Ўринбоев Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг аъзоси Аваз Рустамович Ўринбоев Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Аваз Ўринбоев 1978 йилда Олтиариқ туманида туғилган. Фарғона политехника институтини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини тамомлаган.

1996 йилда «Ўзтадбиркорбанк» Олтиариқ туман бўлимида ўз меҳнат фаолиятини бошлаган. 1999 йилдан 2005 йилгача «Асака» Банк Олтиариқ туман бўлимида, 2005-2011 йилларда Марказий Банк Фарғона вилоят бош бошқармасида фаолият олиб борган. 2011-2012 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Қўқон филиалини,  2012-2015 йилларда Фарғона вилояти бўлимини бошқарган.

2015-2020 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати – Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси. 2020 йилда 107-Риштон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган.

  • Аваз Ўринбоев Фарғона вилояти ҳокимлигида вакант лавозимни эгаллади. 2020 йил апрелидан буён Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Мирзоҳид Убайдуллаев 2021 йил февралида Фарғона шаҳрининг янги ҳокими этиб тайинланганди.

Мавзуга оид