Жаҳон | 21:54 / 13.04.2021
59430
12 дақиқада ўқилади

Россия ва Украина. Тарих ва бугун

Сўнгги ҳафталарда Россия-Украина муносабатларида яна кескинлик юзага келди. Икки давлат расмийлари турли-туман баёнотлар билан чиқишмоқда. Хўш, аслида оға-ини, қон-қариндош бўлган икки давлатнинг муносабатлари нега бу қадар чигаллашиб кетди?

Фото: ТАСС

Умумий тарихга эга бўлган икки славян давлати

Тарихга назар солсак, Украина аслида Россиянинг она ватани бўлиб, илк рус давлатчилиги ва славян халқларининг православ динига киришлари айнан шу ҳудуддан бошланади. Кейинчалик ҳудудларнинг кенгайиши ва босқинчилик урушлари натижасида аслида бир илдизга эга бўлган икки миллат шаклланади.

Шарқий Европага мўғулларнинг босқинчилик юришлари икки давлатнинг шаклланишида муҳим омил бўлган. Айнан мўғул-татар юришларидан кейин умумий маданият ва тарихга эга бўлган ҳудудларда икки хил мафкура ва маданият шакллана бошлади. Руслар мўғул ва туркий халқлар босқинларидан кейин православ маданияти асосида шаклланди. Бу жараён Украинада бироз бошқача кечди. Киев ва қатор шаҳарлар Буюк Литва князлиги тасарруфига ўтиб кетади. Ундан кейинги даврларда поляк, швед ва Австрия таъсири остида бўлган Украина давлати ҳам католик, ҳам православ маданияти таъсирида шаклланди.

Айнан шу омиллар бир илдизга эга икки славян давлати пайдо бўлишига замин яратди. Украина географик жиҳатдан икки цивилизация кесишмасида жойлашгани (яъни Ғарбий Украина католик цивилизацияси, Шарқий Украина эса православ маданияти остида) мамлакатнинг иккига бўлиниб кетишига ва Россиянинг доимий равишда Шарқий Украинага даъво қилишига сабаб бўлмоқда.

Собиқ иттифоқ парчаланишидан кейинги муносабатлар

Киевдаги Октябрь инқилоби майдонида Украина мустақиллиги тарафдорлари митинги, 1991 йил август
Репик Владимир / UPG / PhotoXPress

СССРдаги иқтисодий-сиёсий низолар натижасида Украина ҳам 1991 йилнинг 24 августида ўз мустақиллигини эълон қилди. Россия билан 1992 йилнинг 14 февралида дипломатик алоқалар ўрнатилди ва ҳар икки давлатда элчихона ҳамда консуллик бўлимлари очила бошланди. 1997 йилда икки давлат президентлари Борис Ельцин ва Леонид Кучма ўртасида «Дўстлик ва стратегик ҳамкорлик тўғрисида» шартнома имзоланган. Шу билан бир қаторда, Қрим яримороли ва Севастопол шаҳри хусусидаги келишув ҳам имзоланган бўлиб, унга кўра, Москва Қрим ва Севастопол Украинага тегишли ҳудудлар эканини тан олади. Аммо рус жамияти буни қабул қила олмади.

Мустақилликдан кейинги йилларда Россиядаги иқтисодий турғунлик ва Украинанинг қулай географик жойлашуви уни Ғарб мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини яхшилашга ундайди. Асрнинг дастлабки йилларида мамлакатга кўплаб Ғарб ташкилотлари ҳам кириб келиши кучайди. 2004 йилдаги «Зарғалдоқ инқилоби»дан кейин ҳокимиятга ғарбпараст кучларнинг келиши Россия-Украина муносабатларидаги жиддий кескинлик даврини бошлаб берди.

Айнан ўша пайтларда Россия билан зиддиятнинг янги саҳифаси очилди – газ муаммоси пайдо бўлди. Шу пайтгача Украинага имтиёзли баҳода газ етказиб бераётган Россия нархларни кескин оширди. Украина эса осон йўл тутди – ўз ҳудудидан ўтиб Европа сари кетаётган қувурлардан рухсат сўрамай зангори олов ола бошлади. Натижада Европанинг кўплаб ҳудудларига Россия гази бормай қолди ва бу халқаро можаро кўтарилишига сабаб бўлди. Узоқ тортишувлардан кейин муваққат келишувга келинган бўлса-да, кейинчалик ҳам газ нархи ва транзити бўйича баҳслар давом этди.

Қрим инқирози

 

Россия танклари 2014 йилда Қримда / GETTY IMAGES

Қрим яримороли 2014 йил февралигача Қрим автоном республикаси сифатида Украина таркибида бўлган. Ҳозирда эса бу ҳудуд Қрим федерал округи сифатида Россия бошқарувида. Ҳаммаси 2014 йилнинг 22 февралига келиб Украина Олий Радаси томонидан руспараст Виктор Янукович президентликдан четлаштирилишидан бошланади. У ўз ҳаётидан хавфсираб зудлик билан Россияга жўнаб кетади ва шу давлат ҳудудидан туриб Украинадаги барча сиёсий жараёнлар ноқонунийлигини, ҳақиқий президент айнан ўзи эканини таъкидлай бошлади. Вазиятдан фойдаланган Россия Украинада тузилган янги муваққат ҳукуматни ноқонуний деб топади ва Қрим яриморолидаги рус аҳолиси ҳамда Россияга тегишли бўлган ҳарбий базаларни Украинадаги вазият изига тушгунча ҳимоя қилиш баҳонасида Украина ҳудудига қўшин киритди.

Россияга қаршилар Путиннинг бу ҳаракатини оккупация, ноқонуний ҳаракат, халқаро ҳуқуқларнинг қўпол тарзда бузилиши деб ҳисобласа, тарафдорлари Қрим азалдан Россия мулки бўлгани, Украинага вақтинча берилгани, қолаверса, қўшиб олиш махсус референдумга кўра (рус расмийларининг маълумотларига кўра, референдумда овоз берганларнинг 95,5 фоизи Россияга қўшилишни қўллаб-қувватлаган) аҳоли розилиги билан амалга оширилганини таъкидлашарди.

Евроиттифоқ ва АҚШ Россияга қарши санкциялар киритди ҳамда киритишда давом этмоқда, бу давлат Украинани ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Аммо Россия яриморолни қайтариш бўйича ҳеч қандай амалий ҳаракатларни амалга оширмади. Аксинча, референдумдан сўнг Россия ҳукумати мамлакат таркибида икки янги субъект — Қрим Республикаси ва федерал аҳамиятга эга Симферопол шаҳри тузиш ҳақидаги қарорларни қабул қилди. Мана бир неча йилдан бери ушбу ҳудуд узлуксиз тортишувларга сабаб бўлмоқда.

Маълумот учун, юз йиллар давомида Қрим Усмонлилар империяси таркибида яшаган туркий тилда сўзлашувчи татарларнинг макони бўлган. 1944 йилда Сталин этник мусулмонларни СССРга хоин деб атаган ва ишчи кучини тўлдириш учун этник русларни жалб қилган ҳолда 200 мингга яқин татарларни Сибир ва Марказий Осиёга депортация қилган. Украинада ўсган Никита Хрушчев ҳокимият тепасига келгач, 1954 йилда Қрим яриморолини Украина ССР таркибига киритади.

Путин Россияси учун Қрим яримороли қандай муҳим аҳамиятга эга?

David Mdzinarishvili / Foreign Affairs

Россиянинг Қримни ўзига қўшиб олиши келажакда шунга ўхшаш танловлар масалан, Болтиқбўйи давлатларида этник русларни «озод қилиш» учун қўшин юборишини баҳолаш учун жуда муҳим аҳамиятга эга эди. Натижада Россия Ғарб унга нисбатан қандай чоралар кўриши мумкинлигини билиб олди.

Қримнинг босиб олиниши НАТОнинг Россия ғарбий чегараси бўйлаб янада кенгайиш хавфини камайтиради. Бундан ташқари, яриморолнинг босиб олиниши Россиянинг совет иттифоқининг собиқ ҳудудларини аста-секин қайтариб олиш бўйича лойиҳасининг бир қисми сифатида баҳоланади. Путин совуқ уруш тугаганидан кейин Россия обрўси тушишини ҳеч қачон қабул қилмаган. Шунингдек, Россиянинг Қора денгиздаги ҳарбий базалари учун Севастопол жуда муҳим ҳисобланади.

Бугунги вазият. Икки давлат ўртасида уруш келиб чиқиш эҳтимоли қанчалик ҳақиқатга яқин?

Путин Қора денгиздаги крейсердан Қримни кузатмоқда, 2020 йил январ

Рус аҳоли ва руспараст айирмачилар устун бўлган Донбассда (Донецк ва Луганск) бир томонлама мустақиллик эълон қилингандан сўнг, айирмачилар ва Украина армияси ўртасида 2014 йилдан бери тўқнашувлар давом этмоқда. Шу йилнинг март ойи ўрталарида ушбу ҳудудларда вазият яна кескинлаша бошлади.

Хусусан, Украина бош штаби бошлиғи Руслан Хомчак Россия-Украина чегаралари, Қрим ва Донбассда Россия армиясининг 28та батальони мавжудлиги, яқинда Россия чегара ва Қримга қўшимча равишда 25та батальон юборишни режалаштираётгани, бу ҳолат эса Украинанинг ҳарбий хавфсизлигига таҳдид солаётгани хусусидаги баёнот билан чиқди.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Россия ҳарбий машғулотлар ниқоби остида Украина чегарасидаги Брянск ва Воронежга, шунингдек, Қримга ҳарбий юклар етказиб берган.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса бу ҳаракатлар юзасидан туғилган саволларга жавоб қайтарди.

«Россия Федерацияси ўз хоҳишига кўра ўз қуролли кучларини ўз ҳудудида ҳаракатлантирмоқда. Бу ҳеч кимни безовта қилмаслиги керак, бу ҳеч кимга хавф туғдирмайди. Россия чегаралари атрофида НАТО, бошқа бирлашмалар, айрим мамлакатлар ва бошқаларнинг қуролли кучлари фаоллиги кузатилаётганини биласиз. Буларнинг барчаси ҳушёр туришни талаб қилади», деди у.

Вазият кескинлашиши ортидан НАТО ҳарбий қўмитаси раҳбари, авиация бош маршали Стюарт Пич ишчи ташриф билан Киевга келди ва Львов шаҳрида генерал-полковник Руслан Хомчак билан учрашди. Учрашув давомида Донбассдаги вазият ва минтақадаги хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг, Россия хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Россия Донбассдаги низога аралашишни режалаштирмаётгани, аммо вазиятни кузатаётганини, Россия президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак эса Донбассда жанговар ҳаракатларнинг қайтадан авж олиши Украина интиҳосининг бошланиши бўлишидан огоҳлантирди.

Кўплаб мамлакатлар Россиянинг ҳарбий ҳаракатларини қораламоқда. Хусусан, Германия канцлери Ангела Меркель Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали қилган мулоқотида Украина шарқида Россия қўшинларини кучайтиришдан воз кечишни талаб қилди. Оқ уй вакили Женнифер Псаки эса Вашингтон Украина чегарасидаги вазиятнинг кескинлашишига жавоб тайёрлаётганини маълум қилди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашувда Анқара Қримнинг Россияга қўшиб олинишини тан олмаслигини, Украина шарқидаги инқироз тинч йўл билан, мулоқот орқали ҳал қилиниши кераклигини таъкидлади. G7 мамлакатлари етакчилари ҳамда Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Россияни Украина чегарасида иғвогарлик қилишни тўхтатишга чақирди. Шунингдек, Киевга АҚШнинг иккита C-130J Hercules ҳарбий-транспорт самолётлари, Британиянинг Bae 146–200 транспорт самолёти келиб қўнгани ҳақидаги маълумотлар тарқалди.

Шундан сўнг Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров жиддий баёнот билан чиқди.

«Менимча, 2014 йилдан сабоқ чиқарилиши керак эди. Афсуски, ҳозирча ундай бўлмади. Бу яхшилик билан тугамаслиги мумкин, чунки Киевнинг ҳозирги режими ўз рейтингини тиклаш учун ўйламасдан ҳаракат қилиши мумкин.

Россия Федерацияси Украина чегарасида нима қиляпти деган саволлар берилмоқда. Жавоб жуда оддий: биз шундай яшаймиз, бу бизнинг мамлакатимиз. Аммо Қўшма Штатлар ўз ҳудудидан минглаб километр узоқда, Украинада ўз кемалари, ҳарбий хизматчилари билан нима қиляпти, бу савол ҳозирча очиқ қолмоқда», – деди Лавров.

Гарчи Украина раҳбари Владимир Зеленский НАТО ва Ғарб мамлакатлари кўмагига таяниб ҳарбий ҳаракатларга тайёрлигини таъкидлаётган бўлса-да, икки томоннинг очиқ ҳарбий ҳаракатга киришиши эҳтимоли кам. Ғарб мамлакатлари Россияга нисбатан иқтисодий ва сиёсий санкциялар қўллаши мумкин, аммо Украина туфайли Россиядек ядровий давлат билан очиқ зиддиятга киришиши мантиққа тўғри келмайди. Шунингдек, пандемия давридаги оғир вазиятда Россия учун ҳам янги ҳарбий ҳаракатлар керак эмас. Навальний билан боғлиқ можаролар сабаб Ғарб мамлакатлари билан ёмонлашган муносабатларини янада кескинлаштиришни истамайди. Янги уруш ҳаракатлари бошланадиган бўлса, Россиянинг яккаланиб қолиш эҳтимоли катта. Бу ерда рус ҳукумати учун потенциал иттифоқдош мамлакат мавжуд эмас ва мамлакат экспортининг катта қисми (хусусан, газ) Европа мамлакатлари бозорларига боғланган.

Бундан ташқари, кучлар мутлақо тенг эмас. Украина биринчи бўлиб ҳарбий ҳаракатларни бошлаши Россияга ҳатто ўзига хос имкониятлар ҳам яратади. Чунки Украина ҳарбийларини осонгина мағлуб этиб, бу ҳудудни энди қонуний эгаллаб олишга замин яратилади ва бу ҳолда энди Россияни айблаш мумкин бўлмай қолади. Ҳар икки томон уруш масаланинг ечими эмаслигини яхши англайди. Қолаверса, замонавий урушлар ҳудудий масалаларга узил-кесил нуқта қўймайди.

Россия Украинага Қримни қайтариб бериши мумкинми? Шу пайтгача рус ҳарбийлари кирган собиқ иттифоқ ҳудудларининг бирортаси ўз эгасига қайтарилган эмас. Буни Молдавия (Днестрбўйи ҳудудидаги рус ҳарбийлари сабаб мамлакат бир неча йилдан бери бирлаша олмайди), Грузия (Жанубий Осетия ва Абхазия), Озарбойжон (Қорабоғ) мисоллари орқали яққол кўриш мумкин.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид