Жамият | 14:22 / 14.04.2021
11754
5 дақиқада ўқилади

ССВ Бош акушер-гинекологи навоийлик аёлнинг ўлими юзасидан изоҳ берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош акушер-гинекологи, профессор Лола Абдуллаева Навоий вилоятида шифохонага мурожаат қилган аёлда синама уколдан кейин анафилактик шок кузатилгани, бир неча кун ўтиб бемор вафот этгани юзасидан фикр билдирди.

Навоий вилояти перинатал марказидаги воқеа ижтимоий тармоқларда тезлик билан тарқалди. Унда ёши катта уч эркак киши ва уч нафар бола шифохона эшиги ёнига бориб, «Битта укол билан ўлдириб қўйди, ўз оёғи билан келганди», дея йиғлашади. Катталардан бирининг қўлида марҳума аёлнинг сурати, болалар қўлида эса «Шифокорлар сабаб биз онасиз қолдик» деган ёзувлар кўринади. Кекса ёшдаги эркак «Дўхтирлар ўлдирди боламни, саводсиз ҳамшира ўлдирди. 36 ёшида ўлиб кетди», дея такрорлайди.

Воқеа юзасидан Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдириб, аёл «Цефтриаксон» дори воситасининг 1,0 грамми мушак орасига синамасидан сўнг анфилактик шок ортидан клиник ўлим ҳолатига тушгани ҳамда 9 кун давомида ҳаёти учун курашилганига қарамай, вафот этганини маълум қилди.

Нохуш воқеа қатор саволлар туғдиради. Уларнинг ичида энг муҳими – аёлни қутқариб қолиш мумкинмиди? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош акушер гинекологи, профессор Лола Абдуллаева билан суҳбатлашдик.

– Лола Мирзатиллаевна, навоийлик аёлда кузатилган анафилактик шок ўзи нима ва у қандай кечади?

– Aнафилактик шок – бу ҳаёт учун хавфли бўлган ва кўпинча бир нечта орган тизимларига таъсир қиладиган (масалан, нафас олиш, ошқозон-ичак ва юрак-қон томир тизимлари) умумий аллергик реакция. Энг муҳими ва оғир жиҳати – қон босимининг пасайиши билан намоён бўладиган юрак-қон томир тизимининг бузилиши, шунингдек, нафас қисилиши билан намоён бўладиган нафас олиш тизимининг бузилиши кузатилиши мумкин.

Aнафилактик шок одамда аллергия келтириб чиқарадиган омил (одатда озиқ-овқат, ҳашаротлар ёки гиёҳванд моддалар) таъсиридан деярли дарҳол (10 дақиқадан – 2 соатга қадар вақт ичида) содир бўлади.

Кўпинча анафилактик шокнинг сабабини тезкор аниқлаб бўлмайди, шунинг учун аллергияга аниқ таъсир кўрсатилмаган бўлса ҳам, анафилактик шок бўлиши мумкин.

Энг жиддий аллергик реакциялар нафас олиш ва юрак-қон томир тизимини (юрак ва қон босими) ўз ичига олади. Бундай ҳолда қон томирларининг кескин кенгайиши содир бўлади, бунинг натижасида қон босими пасаяди. Aнафилаксия бўлган одамда нафас қисилиши, бўғилиш ҳисси, заифлик, бош айланиши, кўз олдида қорайиш, ҳушидан кетиш ва босимнинг кескин пасайиши кузатилиши мумкин. Ушбу аломатлар ўта хавфли бўлиб, шошилинч тиббий ёрдамни талаб қилади.

– Айни шу беморни қутқариб қолиш мумкинмиди?

– Ўрганилаётган ҳолатда, яъни 36 ёшли аёл билан боғлиқ вазиятда дори воситаси ўнг билак соҳасига синама қўйилганидан кейин тўсатдан анафилактик шок ва клиник ўлим ҳолати кузатилган. Ўтказилган тезкор реанимацион чора-тадбирлардан сўнг юрак фаолияти тикланиб, узайтирилган сунъий нафас бериш аппаратида реанимация бўлимида интенсив даво муолажалари давом эттирилган.

9 кун мобайнида шифокорлар ушбу беморнинг ҳаёти учун кураш олиб боришларига қарамай, биологик ўлим ҳолати содир бўлган.

– Умуман, бундай ҳолатда тиббиёт ходимларини айблаш қанчалик тўғри?

– Албатта, бир онанинг ўлими, уч фарзанднинг етим қолиши – катта фожиа. Бу оилага сабр тилайман. Ўлим ҳолати юз бердими, кимнидир жавобгар қилиш истаги бўлади. Содир бўлган она ўлими юзасидан таҳлиллар ўтказилиб, бугунги кунда ҳолат юзасидан Навоий шаҳар прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Албатта, кимнидир айбдор ёки айбсиз дея ҳукм чиқариш ваколати фақат судда бор. Мен узоқ йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, ўз фикримни билдираман холос: бу ҳолат бўйича шифокорларни айблаш ноўрин.

Эътибор қилинг, кўпчилик ўйлаганидек, бемор шифохонага олиб келиниши билан, битта укол ортидан ўлиб қолмаяпти. Унда тиббий жиҳатдан жуда мураккаб ҳолат кузатиляпти, шифокорлар унинг ҳаёти учун 9 кун узлуксиз курашишяпти, аммо барибир аёл вафот этяпти.

Чунки анафилактик шок аллергик реакцияларнинг энг оғир шакли бўлиб, ҳаёт учун хавфли жараён ва ЖССТ маълумотларига кўра, тиббиёт соҳасида режали ҳамда тезкор даволанишда 1,5-2 фоизгача ҳолатларда кузатилади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид