Иқтисодиёт | 21:45 / 15.04.2021
49340
5 дақиқада ўқилади

Пахта ёғи ҳам кескин қимматлашди. Яқин ойларда нарх пасайиши кутилмаяпти

Энг асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири саналувчи ўсимлик ёғи нархи ошиб бормоқда. Ўзбекистонда 2021 йилнинг дастлабки уч ойида кунгабоқар ёғи нархи кескин ошган бўлса, апрел ойидан бошлаб пахта ёғи ҳам қимматлаша бошлади. Ўтган ойга нисбатан пахта ёғи нархи 31-33 фоизга ошди.

Фото: Depositphotos

2020 йилнинг октябр ойига қадар пахта ёғи нархида барқарорлик сақланиб қолаётганди. Бунинг сабаби нимада?

2019 йил пахта ҳосилидан олинган чигит хомашёси асосан 2019 йил октябр ойидан 2020 июн ойигача бўлган даврда қайта ишланди, бу вақт мобайнида 1 кг пахта чигитининг нархи ўртача 1,9 минг сўмни ташкил этган. Шу боис пахта ёғининг нархи йил давомида барқарор сақланиб қолган, яъни 1 литр пахта ёғи ўртача 8-8,5 минг сўмдан биржа савдолари орқали сотилган.

Ўтган йил кузда пахта чигити нархи 60-65 фоизга ошиб, пахта ёғи 25-30 фоиз қиммат сотилди. 2020 йилнинг ноябр ва 2021 йилнинг феврал ойига қадар 1 кг чигит 3,2 минг сўмдан сотилди, 1 литр пахта ёғининг нархи ўртача 12,0-13,0 минг сўмдан биржа савдоларига қўйилди ва бу даврда нарх барқарорлиги сақланиб қолди.

2021 йил апрел ойида пахта ёғи нархи кескин ошганининг сабаби нимада?

Март ойида 1 кг пахта чигити 3,4 минг сўмдан, апрел ойида эса 5,6 минг сўмдан биржа савдолари орқали сотилди. Натижада айрим ёғ-мой корхоналари ишлаб чиқариш харажатларини ҳисобга олган ҳолда 1 литр пахта ёғини 18,0-19,0 минг сўмгача бўлган нархда биржа савдоларига қўйди. Ўтган ойга нисбатан пахта ёғи кескин қимматлаганини кўриш мумкин.

Kun.uz билан суҳбатда бўлган ёғ-мой соҳасида узоқ йиллик тажрибага эга мутахассис Фахриддин Калоновнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1 килограмм пахта чигити 5,6 минг сўмдан харид қилинса, бир литр пахта ёғини 20 минг сўмдан сотган тақдирда ҳам, корхона зарарга ишлайди. Бунинг қисқача арифметикаси шундай:

1 тонна пахта чигити ва уни қайта ишлаш нархи тахминан шунчага тушади:

  • 1 килограмм пахта чигити 5,6 минг сўмдан биржа савдоларига қўйилмоқда, шунда 1 тонна пахта чигитининг нархи 5 миллион 600 минг сўмни ташкил этади.
  • 1 тонна чигитни қайта ишлаш харажати (барча солиқлар, иш ҳақи ва бошқа харажатлар билан биргаликда) 1,0 миллион сўмга тўғри келади.
  • Шунда 1 тонна чигитни қайта ишлаш бўйича жами харажат 6,6 миллион сўм бўлади.

1 тонна чигитдан олинадиган маҳсулот ва унинг нархи қуйидагича шаклланади:

  • 1 тонна чигитни қайта ишлашдан 170 килограмм пахта мойи олинади, унинг 1 килограмми 20,0 минг сўмдан сотилганда 3,4 миллион сўмни ташкил этади.
  • 450 килограмм шрот олинади, бу маҳсулотнинг 1 килоси 3,5 минг сўмдан сотилганда 1,575 миллион сўмга тўғри келади.
  • 350 килограмм шелуха олинади, унинг 1 килоси 2,2 минг сўмдан биржа савдоларига қўйилмоқда, демак 1 тонна шелуханинг нархи 770 минг сўм бўлади.

Хулоса қандай: пахта ёғи нархи арзонлашиши мумкинми?

Мутахассиснинг сўзларига кўра, 1 тонна чигитни қайта ишлаш харажатлари миқдори 6,6 миллион сўм, ишлаб чиқарилган маҳсулот нархи 5,745 миллион сўмни ташкил этади. Шунда корхона 1 тонна пахта чигитини қайта ишлашда 1 кг пахта ёғини 20 минг сўмдан, 1 кг шротни 3,5 минг сўмдан, 1 кг шелухани 2,2 минг сўмдан сотганда ҳам, 855 минг сўм миқдорида зарар кўради.

Хуллас, биржа савдолари орқали 1 кг пахта чигити 5,6 минг сўмдан сотилса, пахта ёғи нархи яна ошишини кутишдан бошқа илож йўқ. Чунки қайта ишлаш корхоналари ҳам зарарига ишламайди.

Масъул ташкилотлар ўсимлик ёғи нархи ошиши борасида нима дейди?

Монополияга қарши кураш қўмитасининг маълум қилишича, ташқи жаҳон бозорларида нархлар ошиши ва ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлиши муносабати билан асосий етказиб берувчилардан бўлган қўшни давлатларда кунгабоқар ёғи ва уруғи экспортига юқори божхона божлари белгиланиши тартиби муддати узайтирилиши нархларга таъсир қилган.

«Ўз навбатида, импорт асосида олиб келинадиган кунгабоқар ёғи ва уруғи нархларининг ошиши маҳаллий пахта ёғи нархларига ҳам бевосита ўз таъсирини кўрсатди», – дейилади қўмита ахборотида.

Ҳукумат нархлар барқарорлигига эришиш учун нима қилмоқчи?

2021 йилда маҳаллий шароитда етиштирилган хомашёни қайта ишлаш ҳисобига 141 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилиши маълум қилинган.

Ҳукумат кунгабоқар, соя, масхар, рапс, кунжут ва зиғир экиладиган майдонлар ҳажмини оширмоқчи. Жорий йилда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 530 гектар майдонда зайтун плантацияси барпо этилади.

Aввалроқ, Kun.uz кунгабоқар ёғи нархи ошиб кетганига оид таҳлилий мақола эълон қилганди. Мутахассислар томонидан кунгабоқар ёғи нархи яна 30 фоизгача ошиши мумкинлиги прогноз қилинганди.

Шунингдек, Тошкент бозорларида ярмаркадаги арзонлаштирилган ўсимлик ёғи учун навбатлар юзага келаётгани хабар қилинганди.

Мадина Очилова

Мавзуга оид