Ўзбекистон | 14:00 / 30.04.2021
24646
2 дақиқада ўқилади

Эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори қатъий белгиланди

"Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги қонун президент томонидан имзоланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишга мувофиқ, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузганлик учун жарима миқдори қатъий белгиланди.

Бунда фуқаролар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари (илгари 20 бараваридан 30 бараваригача), мансабдор шахсларга эса – 30 баравари (илгари 30 бараваридан 50 бараваригача) миқдорида жарима назарда тутилган.

Транспортда тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (490 минг сўм) этиб белгиланди. Аввал бу миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари (735 минг сўм)ни ташкил қилар эди.

Шунингдек, такроран содир этилган ушбу қоидабузарлик учун оширилган миқдордаги жарима солиш тартиби бекор қилинди. Яъни илгари бир марта жарима қўллангандан кейин 1 йил ичида яна такроран содир этилса 3 млн 675 минг сўмгача жарима солинар эди.

Энди неча марта қоида бузилганидан қатъи назар бир хил - БҲМ 2 баравари (490 минг сўм) миқдорида жарима солинади.

Ҳаво кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, ҳаво кемаларининг аҳоли манзилгоҳлари устидаги парвози ердаги одамларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига ва (ёки) уларнинг мол-мулкига хавф солмаган ҳолда белгиланган йўналишлар ва учиш баландликларида амалга оширилади.

Мавзуга оид