Навоийда ҳам ўқитувчи калтакланди. Масалани ёпди-ёпди қилишмоқчими?
Авваллари шифокорларнинг беморлар ёки уларнинг яқинлари томонидан калтаклангани ҳақида хабарларга бот-бот дуч келаётган эдик. Энди калтакланаётган касб эгалари орасида ўқитувчилар ҳам учрай бошлагани жуда ачинарли ҳолат.
Навоий вилояти Навбаҳор туманининг Пахтакор маҳалласидаги 33-умумий ўрта таълим мактабининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари 5 май куни мактаб ўқувчиларидан бирининг онаси томонидан калтакланган.
Жанжал оқибатида жароҳатланган ўқитувчи «тез ёрдам» машинасида шифохонага олиб кетилган ва ҳануз даволанишда. Kun.uz воқеани жойига бориб ўрганди.
Маълум бўлишича, воқеага 10-синфда таҳсил олувчи ўқувчи қиз мактабга формада келмагани сабаб бўлган.
Бунга эътироз билдирган директор ўринбосари Дилбар Қодирова қизнинг онаси томонидан ўқувчи ва ўқитувчилар олдида калтакланган.
«5 май куни иш жараёнида эдим. Мактабнинг 10-синфида таҳсил олувчи ўқувчининг онаси келди. Қизи бўйича гаплашиб олиш учун директор хонасига киритдик. Мен директор хонасига кирмадим, ўз ишим билан банд бўлдим.
Шу орада ўқувчининг ўзи ҳам директор хонасига кириб, ўқитувчилар ҳақида ҳақоратомуз гапларни гапирган. Она «Нега менинг қизимга ёпишиб олдинглар, ҳаммангга кўрсатаман», дея залга чиқиб, менга ёпиша кетди. Сочимдан тортиб, директор хонасига судраб кирди. Ерга йиқитиб, урди. Шовқинни эшитиб, ўқитувчилар келишди. 5-6 нафар ўқитувчи ҳам ажрата олишмади. Мен ўзимни ҳимоя қилолмай қолдим.
Ўқувчининг яқинлари келиб, жамоат жойида, ўқувчилар кўз олдида ўқитувчини шунчалик оёқости қилиб ташлаши мумкинми?! Ўқитувчининг ҳурмати қаерда қоляпти?!
Биз ўқувчининг маънавияти бўйича ўзимизга қўйилган талаблар асосида ишимизни бажарамиз. Буни нотўғри тушунган ота ё она мактабга келиб, ўқитувчига зўравонлик қилиб, уни уриб, ер билан битта қилиб кетяпти. Мактаб шунчалар бедарвоза бўлиб қолдими, ўқитувчини зўравонлардан ким ҳимоя қилиши керак?!
Бу оила томонидан бундай зўрaвонлик биринчи марта содир этилиши эмас. Аввалроқ қизнинг акаси ҳам мактабга келиб, ўқувчилардан бирини уриб кетган эди. «Мактабнинг ички масаласи, четга чиқармайлик», дея индамай қўйган эдик. Энди ўзим ҳам уларнинг нишонига айланиб ўтирибман», — деди Дилбар Қодирова.
Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлими травматолог шифокори Аброр Кубаевнинг таъкидлашича, туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган Дилбар Қодировага «Бош мия ёпиқ жароҳати, бош миянинг чайқалиши, юз соҳасидаги шилинишлар» ташхиси қўйилган ва у шифохонага ётқизилган.
Мактаб директори — халқ депутатлари Навбаҳор тумани кенгаши депутати бўлган Саодат Файзиева ўзи раҳбарлик қилаётган таълим-тарбия масканида шунақа воқеа юз берса ҳам изоҳлашдан кўра жимликни афзал кўрди. У Kun.uz’га ҳолат юзасидан изоҳ бера олмаслигини, ўқитувчининг қадр-қимматидан кўра воқеа шов-шув бўлмаслиги муҳимроқ эканлигини билдирди.
Воқеанинг бошқа гувоҳлари ҳам биз билан суҳбатлашишни исташмади.
Ҳайратланарлиси, бир мактабнинг директор ўринбосари калтак еб, 2 кундан бери шифохонада ётганлигидан туман халқ таълими бўлими мудири Хуршид Раҳматовнинг хабари ҳам йўқ экан. Телефон орқали ҳолатга изоҳ сўраганимизда, у бундай воқеа содир бўлганини биздан эшитиб турганини маълум қилди.
Аслида эса, «Пахтакор» маҳалласи профилактика катта инспектори, майор Зокиржон Бобоқуловга кўра, Дилбар Қодирова ҳамқишлоғи Ҳилола Адизова уни калтаклаганлиги юзасидан туман ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилган. Унинг аризаси рўйхатга олинган ва суд-тиббий экспертиза тайинланган. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Воқеани ўрганиб қайтар эканмиз, Дилбар Қодирова бизга қўнғироқ қилиб, ўзини калтаклаган она билан келишиб олишгани, рўй берган воқеа юзасидан материални чиқармасликни илтимос қилди. Ўқитувчининг овозидан унга босим бўлганлиги сезилиб турарди.
Бироздан сўнг эса ўқитувчининг отаси биз билан телефон орқали боғланиб, туман халқ таълими бўлими мудири Хуршид Раҳматов шифохонадаги қизига агар воқеа ОАВда ёритилса, уни ишдан бўшатиб юбориш билан таҳдид қилганини маълум қилди.
«Районо мудири (туман халқ таълими бўлими мудири, демоқчи — Р.С.) қизимга қўнғироқ қилиб, ишдан бўшатиб юбориш билан таҳдид қилди. Қизимни ишдан олишларидан қўрқмайман, аммо зўравон қизимни ургани учун қонун олдида жавоб берсин», — деди Дилбар Қодированинг отаси.
Аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги 50-мактабнинг ҳомиладор ўқитувчиси, шу вилоятда Чироқчи туманидаги 134-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси ўқувчига паст баҳо қўйгани учун калтакланган эди.
Эртамиз эгалари бўлган фарзандларимизнинг таълим ва тарбияси учун масъул бўлган шарафли касб эгаларига бўлган муносабат яхшиланмас экан буюк келажакдан умид қилмасак ҳам бўлаверади.
Масъул идоралар ушбу нохуш ҳолатни назоратга олишлари ва ўқитувчининг калтаклангани исботланса, айбдор шахсларга албатта қонуний чора кўришлари шарт.
Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
16:07 / 03.12.2024
Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармасига янги раҳбар тайинланди
19:25 / 02.12.2024
Навоийда пора олган ИИБ ходими озодликдан маҳрум қилинди
12:16 / 01.11.2024
Навоийда одамлар даромадини кўпайтириш масаласи кўриб чиқилди
21:27 / 31.10.2024