Жамият | 20:05 / 11.05.2021
18605
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Закотим» онлайн дастури ишлаб чиқилди

Моли нисобга етган мусулмонларга закот миқдорини аниқ ва осон ҳисоблаб чиқиш имкониятини берувчи «Закотим» онлайн дастури ишлаб чиқилди.

Бугун, 11 май куни Тошкентдаги Wyndham меҳмонхонасида «Закотим» онлайн закот ҳисоблаш платформасининг тақдимоти ўтказилди.

Дастур ислом молияси мутахассислари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари ҳамда Тошкент ислом институти педагоглари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.

«Закотим» ёрдамида моли нисобга етган мусулмонлар ўз молиявий ибодат ва мажбуриятлари бўлган закотни аниқ ва осон ҳисоблаб чиқишлари мумкин бўлади.

Таъкидланганидек, закотнинг беқиёс умуминсоний, ижтимоий ва иқтисодий фойдалари бор.

fwKkQsiN9LtPzvSCg4yqeeWObPgfKkEK.jpg (1280×853)

Ижтимоий уйғунлик ва адолат. Закот – камбағаллар ва бойлар ўртасидаги кўприкдир. Замонавий иқтисодиётда бойлик бир неча киши қўлида тўпланади, камбағалларнинг моддий аҳволи эса ёмонлашиб бораверади. Закотнинг мақсадларидан бири ана шундай ижтимоий тенгсизликка йўл қўймасликдир.

Ижтимоий ҳимоя. Закот – ижтимоий ҳимоя воситасидир. Бугун қўлида етарлича маблағи борлар муҳтожларга ёрдам беради. Агар эртага вазият ўзгариб, ўша одамларнинг ўзига молиявий ёрдам зарур бўлиб қолса, улар зарур бўлган маблағларни бошқалардан олиши мумкин.

Мол-мулкка ҳирс қўйганлар учун энг яхши таъсир воситаси. Закот пул маблағлари ва тўпланган мол-мулкдан олинади, шу сабабли, ҳар йили закот берадиган киши мол-мулкини сармоя сифатида бирор бир тижорат/тадбиркорлик фаолияти орқали кўпайтиришга ҳаракат қилади, яъни закот тўловчи мол-мулки йилдан йилга камайиб боравермаслиги учун уни кўпайтиришга интилади. Унинг моли кўпайган сари у кўпроқ закот тўлайди, бу билан бўйнидаги фарзни бажаради ва жамиятга фойдаси тегади. Бунда закот сўзининг «ўсиш» деган луғавий маъноси кўринади.

Бойликларнинг жамиятда айланиши. Закот сабабли бойлик бир жойда тўпланмай, айланма маблағ кўринишида бутун жамиятга фойда келтиради. Закот қашшоқликнинг камайишига сезиларли даражада таъсир қилади. Агар закот тизими тўғри йўлга қўйилса, жамиятда камбағалликка тўлиқ барҳам берилиши мумкин.

Инсоний биродарлик. Закот кишилар орасидаги оқибатни ва улар орасидаги биродарлик руҳини кучайтиради.

Ўз вазифасини бажариш ва ўзини ҳурмат қилиш. Закот – бойлар учун мажбурий амалдир. Бу уларнинг камбағалларга нисбатан саховатпешалигини англатмайди, балки улар Аллоҳ томонидан фарз қилинган вазифани бажариш орқали ўзларини охиратда Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишдан сақлашга ҳаракат қилишларини билдиради.

Тиланчиликка барҳам бериш. Агар закот беришга қодир ҳар бир киши ўз вазифасини адо этса, жамиятда камбағал ёки муҳтож кишилар тиланчилик қилишгача бормайдилар. Ислом дини бойларнинг муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишларини шарт қилиши баробарида камбағалларни тиланчилик қилишдан қайтарган.

Тинчлик ва тараққиёт. Закот жамиятнинг турли қатламлари ўртасида молиявий мувозанатни таъминлаши орқали, ижтимоий адолатни таъминлайди. Бунинг натижасида жиноятчилик даражаси ҳам пасаяди. Шу тарзда бутун жамият ҳамжиҳатликда тараққиётга интилади, ривожланади. Моддий бойликларнинг адолатли тақсимланиши ишсизлик даражасини пасайтиради ва иқтисодий инқирозларнинг олдини олади.

Агар закот беришга қодир кишилар ўзларига фарз қилинган бу амални чин дилдан ва тўлақонли адо этсалар, давлатнинг ижтимоий дастурлари билан бир қаторда, закот – бутун бир жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий ва маънавий ҳолатини ижобий томонга ўзгартира оладиган воситадир.

«Закотим» онлайн закот ҳисоблаш дастури эса закот маблағларини йиғиш, жамғариш ва самарали тақсимлаш имкониятини берувчи ишончли онлайн платформа сифатида ишлаб чиқилди.

Мавзуга оид