Жаҳон | 20:12 / 14.05.2021
44931
7 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқ можароси: Исроил армияси Ғазога зарба беришни кучайтирди

Исроил ҳарбийлари жума кунига ўтар кечаси Ғазо секторидаги ҳарбий нишонларга қарши йирик амалиёт ўтказди. Исроил ҳарбий бўлинмалари самолётлар ва вертолётлар, шунингдек, танклар ва артиллериядан фойдаланган ҳолда сектор шимолидаги позицияларни ёппасига ўққа тутган.

Фото: Getty Images

Исроиллик ҳарбийлар фаластинликлар томонидан Исроил ҳудудига учирилган ракеталарга жавобан Ғазога ҳужумларни фаоллаштирди. Қуролли зиддият давомида шу вақтгача Фаластин томонининг йўқотишлари 120дан ошди, Исроилда 9 киши ҳалок бўлган.

Исроилнинг ўзида исроиллик араблар ва яҳудийлар ўртасида шиддатли тўқнашувлар кечмоқда, бу вазият туфайли мамлакат президенти мамлакат фуқаролик уруши ёқасига келиб қолгани ҳақида огоҳлантирди.

Исроил мудофаа вазири Бенни Ганц хавфсизлик кучларининг маълум бир қисмини ички тартибсизликларни бартараф этиш учун йўналтирди, ҳозиргача 400дан ортиқ киши тўқнашувлардаги иштироки туфайли ҳибсга олинган.

Сўнгги хабарларга кўра, «Ҳизбуллоҳ»нинг ўнлаб жангарилари Ливан чегарасидаги тўсиқларни бузиб ўтиб, Исроил ҳудудига бостириб кирган ва Метула шаҳри яқинидаги чегара тўсиқларига ўт қўйган.

«Тунда 160 самолёт бир вақтнинг ўзида 150та нишонга 40 дақиқа давомида ҳужум уюштирди. Бу зиддият бошланганидан буён энг йирик амалиёт бўлди, унда қуруқликдаги бўлинмалар ҳам белгиланган нишонлар бўйича ишлашди», дея хабар берган Исроил мудофаа армияси расмий вакили Йонатан Конрикус.

Шу билан бирга, у гарчи Исроил армиясида қуруқликдан амалиёт бошлаш бўйича кўрсатмалар бўлса-да, исроиллик ҳарбийлар Ғазо секторига кирмаганини қайд этган.

Исроил армияси вакилининг аниқлик киритишича, ҳужумдан мақсад ҲАМАС кучлари жой ўзгартириш ва яшириниш учун фойдаланадиган ер ости туннелларини йўқ қилиш бўлган.

Бирлашган қиролликнинг мудофаа тадқиқотлари институтининг Яқин Шарқ бўйича эксперти Майкл Стивенснинг ҳисоблашича, Исроил армияси қуруқликдаги амалиёт тўғрисидаги твитни рақибни ғазаблантириш учун ёзган.

«Бу ақлли тактика намунаси. ҲАМАС жангчилари шу хабардан кейин туннелларга жойлашишди ва қуруқлик ҳужумига тайёрлана бошлашди, бу эса улар Исроил артиллерияси ҳамда авиациясига осон нишон бўлишига шароит яратди», деган у.

Исроилликларнинг бу манёвридан кейин Фаластиндаги қуролли гуруҳлар Исроил ҳудудини ўққа тутишни давом эттирди. Жанубдаги шаҳарларга, шу жумладан, Ашдод ва Ашкелонга ўнлаб ракеталар учирилган, бу ҳудудларда ҳаво ҳужуми ҳақидаги тревога сиреналари тинмаган. Ғазо секторидан учирилаётган ракеталарнинг кўп қисми исроилликларнинг «Темир қубба» номли ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими орқали тутиб қолинмоқда.

«Темир қубба» тизими Ғазодан учиб келаётган ракеталарнинг кўп қисмини тўхтатиб қолмоқда

Reuters агентлиги исроиллик ҳарбий корреспондентларга асосланиб хабар беришича, қўшинлар қуруқликдан бостириб киришга шошилмаяпти, исроиллик артиллериячилар Ғазодаги нишонларни ўз давлати ҳудудидан туриб ўққа тутмоқда. Сектор шимолида, чегара яқинида яшовчи аҳоли исроилликларни кўришмагани, аммо артиллерия зарбалари жуда яқиндан туриб берилаётганини айтишган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, чегара яқинида яшовчи кўплаб фаластинлик оилалар ўз уйларини тарк этишмоқда, уларнинг айримлари БМТ ҳомийлигида фаолият кўрсатувчи мактабларга яширинган.

Чегара яқинида яшовчи фаластинликлар уйларини тарк этишмоқда

BBC’нинг Ғазодаги корреспонденти ҳам секторга шимол ва жанубдан ҳужумлар ортгани, исроилликлар кемалар, қирувчи самолётлар ва вертолётлар орқали интенсив зарбалар бераётгани ҳақида хабар берган. Воқеа жойида олинган кадрлардан Ғазо осмонини портлашлар туфайли қуюқ тутун қоплаганини кўриш мумкин.

Исроилликларнинг Ғазо сектори шимолидаги Бейт-Лахияга берган авиазарбасидан кейинги портлаш / Mohammed Abed / AFP / Scanpix / LETA

Исроил ва Ғазо секторини назорат қилувчи ҲАМАС ҳаракати ўртасида бошланган ракета ҳужумлари беш кундан буён тўхтамаяпти. Фаластин томонидан 119 киши ҳалок бўлган, ракета зарбалари оқибатида Исроилда ҳам 8 киши қурбон бўлган.

Исроил армияси Ғазо бўйлаб 600дан ортиқ зарба йўллангани ҳақида маълум қилган, бу вақт давомида сектор ҳудудидан 1750 ракета учирилган.

Ракеталарнинг бир қисми барибир Исроил ҳудудига тушмоқда

«Сўнгги сўз ҳали айтилмади»
Пайшанба куни кечқурун Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху махсус мурожаат билан чиқиб, жангариларга қарши ҳарбий амалиёт сусайтирилмаслигини маълум қилди.

«Улар бизнинг пойтахтимизга ҳужум қилишди, шаҳарларимизга ракеталар учиришди. Улар бунинг учун тўлов қилишди ва тўлов қилишда давом этишади. Сўнгги сўз ҳали айтилмади!», деган Нетаньяху Тель-Авивда ҳарбийлар билан маслаҳатлашувдан кейин.

У бир кун аввал берилган баёнотини деярли такрорлади. Аввалроқ у амалиёт «Исроил давлати хавфсизлиги ва хотиржамлиги тикланмагунча» давом эттирилишини айтганди.

Британиялик эксперт Майкл Стивенс Исроил яқин орада Ғазога қуруқлик қўшинларини киритишини кутиш мумкинлигини айтиб ўтди.

«Қуруқликдаги амалиёт идеал вариант эмас, аммо исроиллик аскарлар сектор ичкарисига киришса, бу ҳаводан бу қалъаларга қилинаётган ҳужумлардан кўра самаралироқ бўлади», деган у.

Зиддият қандай ривожланмоқда?
Пайшанба куни Исроилдаги араблар яшайдиган туманларда талончилик ҳолатлари авж олган, айрим ҳудудларда араблар яҳудийларга, айримларида эса яҳудийлар арабларга ҳужум қилмоқда.

Исроил мудофаа армияси Ғазо сектори билан чегара ҳудудига қўшимча ҳарбийлар юборилганини маълум қилганди. Армия сафига захирадагилардан камида 7 минг нафари чақирилган, чегарадаги ҳарбий қўмондонлар эса воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёр туриш бўйича кўрсатма олган.

Пайшанба куни яна нималар бўлди

  • Исроил армияси баёнотига кўра, Ливан ҳудудидан Исроилнинг шимолига уч ракета учиб келган. Бу ҳужум учун жавобгарликни ҳеч бир томон ўз зиммасига олмади, Ливанда бир қанча қуролли гуруҳлар фаолият кўрсатади, шулардан бири Исроил билан душман бўлган шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатидир.
  • Исроил қуролли кучлари Ғазо секторидаги нишонлар орасида фаластинликларнинг разведка хизмати жойлашган бино, шунингдек, ҲАМАС фойдаланадиган уйлар ва компаниялар бинолари бўлгани ҳақида хабар қилган.
  • ҲАМАС ҳам Исроил ҳудудини ўққа тутишда давом этмоқда. Гуруҳ вакилларининг баёнотларига кўра, ҳозирча гуруҳ ўз имкониятларининг бир қисмидангина фойдаланмоқда.
  • Исроилнинг бир неча шаҳарларида яҳудийлар ва араблар ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.
  • Айрим халқаро авиакомпаниялар, хусусан, KLM, British Airways ва Virgin Atlantic Исроилга парвозларни тўхтатган. Мамлакатнинг энг йирик аэропорти «Бен Гурион» рейсларни жанубдаги бошқа аэропортларга йўналтирмоқда. 

 

Мавзуга оид