Америкалик сиёсатчилар Исроилга қарши чиқиб, Байденни танқид қилишмоқда
Вашингтондаги сиёсатчилар Исроилнинг Ғазо секторида амалга ошираётган ишларини кескин танқид қилиб чиқишмоқда. Бу ҳақда Америкада фаолият кўрсатувчи журналист Беҳзод Мамадиев фейсбукдаги саҳифасида ёзди.
АҚШ сиёсатчилари орасида Исроилни танқид қилиш у ёқда турсин, ҳатто унга нисбатан мавжуд ҳукумат сиёсатини савол остига олиш ҳам яқин-яқингача имконсиз бир иш эди.
Энди бу анъананинг илдизига қурт туша бошлагандек. Конгрессдаги мусулмон қонунчилардан бири Рашида Толиб ўтган ҳафта Вакиллар палатасида чиқиш қилиб, Исроилни апартеид (айирмачи) режим деб атади. Фаластинлик муҳожирлар фарзанди бўлган бу қонунчи ғазолик бир она ёзган хатни кўзида ёш билан ўқиб берди:
«Бугун болалар билан бир хонада ухладик. Чунки ўлсак, бирга ўлайлик. Токи ортимизда қайсидир биримиз омон қолиб, бошқа ўлганлар учун эзилиб мотам тутмасин...»
Рашида Толиб, шунингдек, Твиттер орқали қилган чиқишида ўз партиядоши президент Жо Байденни кескин танқид қилди.
«Агар оташкесимни (отишмалар тўхтатилишини) хоҳласангиз, БМТ Хавфсизлик Кенгаши йўлини тўсмасдан бошқа давлатлар қаторига қўшилинг. Апартеид режим раҳбари Нетаняҳу яхши гапга кўнмайди. У уруш жиноятларини содир этади ва халқаро ҳуқуқни очиқчасига поймол қилади», деб ёзди у.
Ўтган сайловда президентлик учун номзодини қўйган демократ сенатор Берни Сандерс ҳам New York Times нашрида АҚШ сиёсатини танқид қилувчи мақоласини эълон қилди.
«Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга экан, буни тушунамиз. Лекин фаластинликларнинг ҳуқуқи йўқми? Нега ҳеч ким бу ҳақда сўрамайди?» дея с тутди у.
Яҳудий миллатига мансуб Сандерс ихтилофнинг сабаби ҲАМАС отган ракеталар эмас, балки Исроилнинг кучайиб бораётган босқини ва зулми эканига эътибор қаратди.
«Ҳар йили Исроилга берилаётган қарийб тўрт миллиард долларлик ҳарбий ёрдамни қайта кўриб чиқиш керак; АҚШ томонидан инсон ҳуқуқлари бузилишининг қўллаб-қувватланиши ноқонуний», деди у.
Яна бир демократ қонунчи Александрия Окасио-Кортес АҚШни икки юзламачиликда айблади.
У Твиттерда Ғазодаги бинолардан бирининг вайрон қилиниши акс этган видеони бўлишиб, «Бу ишлар АҚШ ёрдами билан бўляпти. Ким нима деса десин, АҚШ отишмани тўхтатиш бўйича БМТ чақириғига вето қўйди. Байден маъмурияти ўз иттифоқдошига қарши тура олмаса, кимга қарши тура олади? Қандай қилиб улар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиляпмиз, деб даъво қила олади?» деб ёзди.
У, шунингдек, бошқа бир твитида «Апартеид давлатлар демократия эмас», деди. Бу билан у «Исроил Яқин Шарқдаги ягона демократия» дея кенг тарқалган қарашни рад этди.
Конгрессдаги яна бир мусулмон қонунчи, демократ Илҳан Умар ҳам Байденни аяб ўтирмади. У президент нутқида фаластинликлар тилга олинмаганидан ҳафсаласи пир бўлганини айтди.
«Шайх Жарра (Шарқий Қуддуснинг фаластинликлар қувиб чиқарилаётган маҳалласи) тилга олинмади. Ал-Ақсога қилинган рейд тилга олинмади. Ҳаво ҳужумларида ўлдирилган бегуноҳ 13 бола тилга олинмади. Миллионлаб одамлар устидан очиқ қамоқхона шаклида давом этаётган босқин тилга олинмади. Сиз инсон ҳуқуқларига диққат қаратмаяпсиз. Сиз мустабид босқиннинг ёнини оляпсиз», деб ёзди у.
Фаластинда бошланган сўнгги тўқнашувлар Байден маъмурияти учун жиддий синов бўлди. Қатор масалаларда прогрессив сиёсат юритиб, кўпчиликнинг олқишини олган янги президент Исроилга келганда эски анъана ва сиёсатга содиқ қолишни маъқул топди: фаластинликлар ноласига қулоқ тутмай, Исроилни бир тарафлама қўллаб-қувватлашда давом этди.
Аммо вазият ўзгараётгандек. Капитолийдаги олий минбарларда Исроилга қарши илгари ҳеч эшитилмаган танқидлар янграмоқда.
Бу баёнотлар амалда АҚШ сиёсатида бирор ўзгариш ясай оладими? Бунинг яқин орада рўй бериши эҳтимоли деярли йўқ, аммо Исроилга «ҳеч қандай шартларсиз берилаётган доимий ҳимоя» қачондир тугаши аниқ. Чунки ботилни узоқ вақт яшириб, ҳимоя қилиб бўлмайди.
Мавзуга оид
12:00
Исроилнинг янги мудофаа вазири: «Ҳизбуллоҳ» мағлуб этиб бўлинди
08:19
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
10:45 / 09.11.2024