Ўзбекистон | 12:10 / 20.05.2021
33264
2 дақиқада ўқилади

Мактабларда давлат имтиҳонларини ўтказиш муддати маълум қилинди

Халқ таълими вазирлиги мактабларда давлат имтиҳонлари ўтказилиши юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, имтиҳонлар карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилади. Имтиҳонлар ўтказилишидан олдин таълим муассасаларида дезинфекция ишлари олиб борилади, ўқувчилар имтиҳонларга санитар-гигиена қоидаларига риоя этган ҳолда ҳимоя воситасида (тиббий ниқоб) киритилиб, бинога киришдан аввал тиббий ходимлар томонидан уларнинг тана ҳарорати ўлчанади ва оралиқ масофани сақлашлари таъминланади.  

Агар мактаб карантинга ёпилган бўлса имтиҳон карантин муддати тугаганидан сўнг, имтиҳонлар карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилади. 

Имтиҳонлар оғзаки, ёзма ҳамда тест синовлари шаклида қуйидаги муддатларда ўтказилади:

26 майдан 2 июнга қадар — 5-, 6-, 7-, 8- ва 10-синф ўқувчилари учун босқичли назорат имтиҳонлари;

26 майдан 15 июнга қадар — 9- ва 11-синф битирувчилари учун якуний давлат имтиҳонлари ўтказилади.

Имтиҳон саволлари ва материаллари Халқ таълими вазирлигининг расмий "Телеграм" каналига жойлаштирилган. 

Имтиҳондан ўта олмаган ўқувчиларга амалдаги низомга кўра, имтиҳондан икки ҳафта ўтгач қайта якуний аттестациядан ўтиш ҳуқуқи берилади.

Йиллик баҳо ва якуний аттестация натижаларига кўра, умумий ўрта таълим давлат таълим стандартлари талабларини бажармай, «қониқарсиз» баҳо олган битирувчилар шу синфда қайта ўқишга қолдирилади.

“Халқ таълими вазирлиги мактаб маъмуриятларидан имтиҳонларни адолатли ва шаффоф ташкил қилиш ҳамда турли ноқонуний йиғимларнинг олдини олиш чораларини кўришларини сўрайди”, дейилади маълумотда.

Бундан олдин, мактабларда якуний ва босқичли имтиҳонларни ўтказиш тартиби маълум қилинганди.

Мавзуга оид