Жаҳон | 09:07 / 21.05.2021
20197
4 дақиқада ўқилади

Репортаж: Венеция биенналесида Ўзбекистон павильони очилди

Халқаро архитектура биенналесида Ўзбекистон павильони тақдим этилди. Очилиш маросимида Азиз Абдуҳакимов ва Саида Мирзиёева сўзга чиқди, кутилмаганда ЮНЕСКО бош директори ҳам ташриф буюрди.

20 май куни Италиянинг Венеция шаҳрида, халқаро меъморчилик биенналеси доирасида Ўзбекистон павильонининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Венециядан хабар бермоқда.

Ўзбекистон ушбу йирик архитектура ва санъат тадбирида илк марта қатнашмоқда. Миллий павильон ўзбек маҳаллаларига бағишланган.

«Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти» номли лойиҳадан мақсад – халқаро даражадаги маданий тадбирларда миллий иштирокни таъминлаш ҳамда ўзбек маҳаллаларининг ўзига хос жиҳатларини очиб бериш.

Очилиш маросимида Ўзбекистон номидан бош вазир ўринбосари – миллий павильон ташкилий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева ва жамғарма ижрочи директори Гаянэ Умерова ва лойиҳанинг бошқа иштирокчилари қатнашди.

«Лойиҳа ташкилий қўмитаси раиси сифатида павильонимизга ташриф буюрганингиздан миннатдорман. Умид қиламанки, миллий павильонимизда тақдим этилган Ўзбекистоннинг бой маданий мероси сизда завқ уйғотмай қолмайди.

Айни пайтда биз Венеция Республикасини дунёнинг бошқа қисмлари билан боғлаб турган тарихий кемасозлик маскани – Арсеналда турибмиз. Бугун ҳам бутун дунё шу ерда жам бўлган. Бу галги биеннале халқаро алоқаларга жиддий салбий таъсир қилган коронавирус пандемияси йилидан кейин бўлиб ўтаётгани айниқса муҳим», – таъкидлади Азиз Абдуҳакимов.

Маданият ва санъат фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ўз сўзида фонд ва ташкилотчилар Ўзбекистон миллий маданий мероси мавзусида экспертлар билан очиқ мулоқотга тайёрлигини қайд этди.

«Венеция биенналеси – жуда кўплаб ажойиб инсонлар, экспертлар, профессионаллар, энтузиастларни бир жойда жамлайдиган, уларга маданиятлар алмашинуви учун беқиёс имконият тақдим этувчи фантастик анжуман.

Бу ердаги бизнинг кўргазмамиз маҳаллага бағишланган. Маҳалла – такрорланмас меъморий-ижтимоий феномен; жамият ичида яшашнинг анъанавий усули, қўшничиликнинг бир шакли ва маҳаллий бошқарув бирлиги.

Маҳалла – бу бизнинг тарихимиз. Шу билан бирга, у ҳозирги урбанизация жараёнларининг ҳам муҳим бир қисми. Маҳалла шаҳарликлар ҳаётида ҳам алоҳида ўринга эга», – деди Саида Мирзиёева.

Мирзиёева лойиҳани амалга оширишда яқиндан кўмак берган ижодкорларга миннатдорлик билдириб, барчани Ўзбекистонга таклиф этди.

Очилиш маросимига ЮНЕСКО бош директори Одри Оузел хоним ҳам ташриф буюрди. Маросим меҳмонлари рўйхатида бўлмаган ҳолда ўз ташаббуси билан Ўзбекистон павильонига қизиқиш билдирган Одри Азулай хоним лойиҳа вакиллари билан суҳбатлашиб, павильонга юқори баҳо берди.

Кўргазма Цюрихдаги Олий техника мактабининг архитектура ва санъат профессорлари, Christ & Gantenbein асосчилари – Эмануэль Крист ва Кристоф Гантенбейн, испаниялик рассом ва овоз режиссёри Карлос Касас ҳамда нидерланд фотографи ва рассоми Бас Принсен иштирокида тайёрланган. Тадқиқотларга Виктория Истон раҳбарлик қилган.

Ижодий жамоа Ўзбекистонга бир неча марта ташриф буюриб, маҳаллалар ҳаётини ўрганган, маҳалладаги инсонлар билан суҳбатлашиб, фото ва аудиомаҳсулотлар тўплаган.

Шу асосда биенналедаги Ўзбекистон павильонига инсталляция ўрнатилган. Унда товуш ландшафтлари ёрдамида томошабин хонадан хонага ўтиб, турли хил яшаш муҳитларига гувоҳ бўлади. Товуш блокларининг бир қисми динамик бўлгани учун товуш ландшафти кун давомида ўзгариб туради.

Кўргазманинг ажралмас қисми – фанзин (fan magazine – фан-журнал). Меҳмонларга бепул тақдим этиладиган фанзинда ҳозирги кун маҳаллаларида мавжуд маданий мерос ҳақида сўз боради.

Лойиҳа комиссари – Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси. Тадқиқотга Тошкентда санъат соҳасида таҳсил олувчи талабалар кўмак берган.

XVII Халқаро меъморчилик биенналеси 6 ой давом этади.

Мавзуга оид