Ўзбекистон | 12:00 / 22.05.2021
40072
3 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳар прокурори лавозимидан озод этилди

Андижон шаҳар прокурори лавозимида ишлаб келган Қурбонали Асқаров лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон бош прокурорининг 2021 йил 21 май кунги буйруғи билан Андижон шаҳар прокурори лавозимида ишлаб келган адлия маслаҳатчиси Қурбонали Асқаров ўз хоҳишига кўра берган аризасига асосан лавозимидан озод қилинган.

“Қайд этиш жоизки, Қ.Асқаровнинг лавозимидан озод этилиши 2021 йил 17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида рўй берган ҳолатлар билан боғлиқ эмас”, дейилади маҳкама томонидан тарқатилган хабарда.

Бундан олдин, халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг 2021 йил 17 май куни бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида Шуҳрат Каримовни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилишни сўраб тақдимнома киритган Қурбонали Асқаров ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов эса у расман вазифасидан озод қилинмаганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 17 май куни бўлиб ўтган сессияга киришдан олган барча депутатлар телефон ва овоз ёзиш мосламалари олиб қўйилиб, сессия иштирокчилари Миллий гвардия ходимлари томонидан тинтув қилинган эди. Сессияда шаҳар ҳокимининг ноқонуний қарорларига қарши чиқаётган ва Андижон шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказишни талаб қилган депутат Шуҳрат Каримов шаҳар прокурори тақдимномасига асосан, кўпчилик овоз билан дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги прокурорнинг бундай ҳаракатини «оқлаб бўлмаслиги»ни, у биринчи навбатда коррупция ҳолати ҳақида хабар берган шахсни ҳимоя қилиши кераклигини таъкидлаган бўлса, Адлия вазирлиги “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунга кўра, ҳар бир депутатга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароит кафолатланиши, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилиниши, депутатнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилган шахслар қонунга мувофиқ маъмурий, жиноий ёки ўзгача тарзда жавобгар бўлиши, депутатлик ваколатларини амалга оширишига тўсқинлик қилиш мақсадида депутатга қандай тарзда бўлмасин таъсир кўрсатишга йўл қўйилмаслиги, депутат олдидаги ўз вазифаларини бажармайдиган, унинг ишига тўсқинлик қиладиган, била туриб унга ёлғон ахборот берадиган, депутат фаолиятининг кафолатларини бузадиган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлишини эслатган.

Мавзуга оид