Ангрендаги ЙТҲда ҳалок бўлганлар сони 7 кишига етди. Ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди
Ангренда 8та автомобил иштирокида ЙТҲ содир бўлгани тўғрисида хабар берилган эди. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ҳодиса бўйича қўшимча тафсилотларни маълум қилди.
2021 йил 24 май куни соат 09:00ларда фуқаро 40 ёшли М.У. бошқарувида бўлган тиркамали “MAN” русумли юк машинасида Тошкент вилояти, Ангрен шаҳар ҳудудидан ўтган А-373 “Тошкент-Ўш” автомобил йўли бўйлаб Ўш шаҳар йўналишидан Тошкент йўналиши бўйича келаётган бўлган.
У ушбу йўлнинг 183-километрида рул бошқарувини йўқотиб, йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган темир йўл кесишмасига етмасдан тўхтаб турган фуқаро 43 ёшли И.О. бошқарувида бўлган “Lacetti”, 30 ёшли К.Р. бошқарувида бўлган “Nexia-2”, 44 ёшли Э.М. бошқарувидаги “Cobalt” русумли, 46 ёшли И.О. бошқарувидаги “Lacetti” русумли, 45 ёшли М.З. бошқарувидаги “Lacetti” русумли, 39 ёшли К.М. бошқарувидаги “Nexia-3” русумли ва “Matiz” русумли автомашиналар билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
“Натижада, жами 7 нафар шахслар ҳодиса жойида вафот этган ва 14 нафар шахслар олган тан жароҳатлари билан шифохонага мурожаат қилганлар”, дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилоят ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.