Ўзбекистон | 20:48 / 26.05.2021
50344
3 дақиқада ўқилади

Пахтачида ИИБ ходимлари масжидда вояга етмаган болани сўроқ қилишди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятидаги масжидлардан бирида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари вояга етмаган болани сўроқ қилаётгани акс этган видео тарқалди.

Воқеа 25 май куни Самарқанд вилояти Пахтачи туманида жойлашган Зиёвуддин шаҳарчасидаги «Хўжа-Зиёвуддин» жоме масжидида рўй берган.

Видеода ходимлар вояга етмаган боладан ким билан ва қачон келганини сўраб, унинг қўлидаги сумкани очиб текширади. ИИБ ходими боладан масжидда қандай дарс ўтказилаётгани бўйича маълумот олиш учун, саволлар беради. Видеотасвирда шунингдек, тасвирга олаётган шахс ва ходимлар тортишиб қолгани ҳам акс этган.

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.

«Ҳолат 2021 йил 25 май куни Пахтачи туманида содир бўлган. Шу куни соат 20:30 лар атрофида Пахтачи тумани ИИБ ходимлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Пахтачи тумани Зиёвуддин шаҳарчасида жойлашган «Хўжа-Зиёвуддин» жоме масжиди кўздан кечирилганида, махсус диний маълумотга эга бўлмаган Х.А. исмли шахс 11 нафар (5 нафари вояга етмаган) шахсларга диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз, диний таълимотдан сабоқ бераётгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Х.А.га нисбатан МЖтК нинг 241-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, келгусида диний таълимотлардан сабоқ бериш нияти бўлса, махсус диний билимларни эгаллаб, қонунларга асосан, ваколатли диний органларнинг рухсати асосида фаолият кўрсатиши мумкинлиги тушунтирилган.

Ички ишлар органлари ҳеч кимнинг диний билим олишини чекламайди. Юртимизда диний билим олиш учун барча зарурий шароитлар яратилган. Фақатгина қонунчиликка асосан, белгиланган меъёрларга амал қилиш сўралади.

Шу ўринда, фарзандларига диний билимларни ўргатмоқчи бўлган ота-оналарга мурожаат қилиб, диний таълимотни махсус диний муассасаларда, малакали мутахассислардан олишларини сўраб қоламиз», дейилади муносабатда.

Бироқ вилоят ИИБнинг расмий муносабатида вояга етмаган бола нима учун ота-онаси ёки васийлари иштирокисиз тергов, сўроқ қилингани, холислар иштирокисиз унинг шахсий буюмлари тинтув қилингани хусусида изоҳ берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ИИВ карантиндан сўнг болаларнинг масжидларда намоз ўқиши учун ҳеч қандай тақиқлар бўлмаслигини маълум қилган эди.

Мавзуга оид