Ўзбекистон | 15:15 / 02.06.2021
32563
2 дақиқада ўқилади

«Коронавирус кўрсатди, ортиқча вазни бор одамларни сақлаб қолиш қийин бўлди». Президент соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддиларига янги топшириқ берди

Сурхондарё фаоллари билан йиғилишда давлат раҳбари аҳоли саломатлиги бўйича ҳам тўхталиб ўтди ва вазият жиддийлигини таъкидлади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Афсуски, Сурхондарё аҳолисининг саломатлиги қониқарли эмас. Коронавирус кўрсатди, ортиқча вазни бор одамларни сақлаб қолиш қийин бўлди. [Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло] Иноятовга топшириқ, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари ҳар ҳафта камида бир соат телевидениеда чиқиш қилсин, аҳолига соғлом турмуш тарзини тушунтирсин.

Мана, сурхондарёлик бир аёл Ҳиндистонда жигар кўчираман деб оғир аҳволда қолибди. Қизи телевидениеда йиғлаб чиқди. Менинг кўзларимга ёш келди. Шу куниёқ ҳаммани оёққа турғиздим ва керакли ёрдамни бердик. Сурхондарёда бундай беморлар камми?” – деди давлат раҳбари.

Бунга жавобан Амрилло Иноятов шундай деди: “Чиндан ҳам бу масала жуда жиддий. Сиз, президент хонадонларга кириб чиқяпсиз, вазир ва вазир ўринбосарлари беморлар билан бевосита шуғулланишяпти, лекин туман бошқармалари амалдорлари касални бориб кўрмайди ҳам. Энди бу масала билан жиддий шуғулланамиз. Кўп йўналишларда, айниқса юрак қон-томир касалликларида беморлар Тошкентга бориб юришларига чек қўямиз”.

Мавзуга оид