Ўзбекистон | 13:50 / 08.06.2021
47711
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Тарихий қарорлар қабул қиляпмиз. Ерни халққа берамиз

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича вазифалар ижросига бағишланган йиғилишда ер халққа бўлиб берилиши, 10 йилга ижарага берилиши, кам таъминланган ва ишсиз юрганлар ер олиши ҳақида гапирди.

«Миллий банк» раҳбари, Тошкент шаҳар ҳокими билан бирга пойтахтда йил якунига қадар хизмат кўрсатиш соҳасида 200 минг иш ўринлар яратиш режасини тақдим қилсин.

Бугун мутасаддилар хизмат кўрсатиш лойиҳаларини жадаллаштириб, учинчи чоракда 75 мингта, йил якунига қадар яна 100 мингта, жами 175 мингта янги доимий иш ўринларини яратишга масъул.

Бунда, халқаро ва вилоятлараро магистрал йўллар ёқасида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиб, 50 мингта, шаҳар ва туман марказларида махсус кўчалар, ҳар бир туман маркази ва маҳаллада ташкил этиб, камида 100 мингта иш ўринлари яратилиши шарт.

Тарихий қарорлар қабул қиляпмиз. Ерни халққа бўлиб берамиз. 10 йилга ижарага берилади, кам таъминлаган, ишсиз юрган одамлар олишади. Бир неча марта ҳосил олишади, ҳатто олган ғалласини ҳам ўзига қолдирамиз.

Энди вазифамиз фақат ер бериш эмас, ўша ердан қандай даромад топишни ўргатишимиз керак. Замон ўзгаряпти, биз замондан орқада қолмаслигимиз зарур. Етиштирилган маҳсулотлар сотиб олинадиган тизим яратилиши керак», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Энди катта тизимга ўтилаётгани, ҳокимлар, сектор раҳбарлари қайси пахта ва ғалла майдонини қисқартиришни аниқлаб, уларни ишсиз аҳолига бериши зарурлиги, берганда ҳам, манфаатдор қилиб, адолатли ажратиш кераклиги, бу юз минглаб одамларни иш билан, даромад билан таъминлаши айтиб ўтилган.

Мутасаддиларга ер олган аҳолига уруғ ва кўчатлар етказиб бериш, етиштирилган маҳсулотларни сотиб олишни молиялаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Сурхондарёда бошланаётган тажриба асосида, ишсиз аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини 10 йил муддатга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ижарага бериш тартиби жорий қилиниши маълум қилинган.

«Бунинг учун, жорий йилдан бошлаб қарийб 100 минг гектар ғалладан бўшаган ер майдонлари ишсиз аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун берилади. Шу орқали, камида 400 минг кишини банд қилиш имкони мавжуд», деган давлат раҳбари.

Президент ғалладан бўшаган ерларнинг 800 минг гектари ишсиз аҳолига бозорбоп экин экиш учун берилишини айтиб ўтган.

«Олдин томорқачилик ривожланмади, сабаби, маҳсулотни сотиб оладиган бўлмади. Вилоятлар ва туманлар ҳокимлари, сектор раҳбарлари ғалладан бўшаган майдонларни ишсиз аҳолига адолатли ажратиб, уларга экспортёр ва кластерларни бириктирсин.

Ғалладан бўшайдиган ерларнинг 800 минг гектари ишсиз аҳолига бозорбоп такрорий экин экиш учун берилади. Бунда, ишсиз аҳоли ва ёшларга ерни ижарага берган кластер ҳамда фермерлар, ушбу ер майдони учун солиқдан озод қилинади. На фермер, на кластер бунинг учун солиқ тўлайди. Муҳими халқимиз даромад топиши. Бу орқали, қарийб 1,5 миллион аҳолини мавсумий иш билан таъминлаб, даромадли қилиш мумкин», деган давлат раҳбари.

Мавзуга оид