Ўзбекистон | 08:10 / 23.06.2021
48393
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши янги чоралар жорий этилди

Ўзбекистонда эндиликда ниқобсиз бўлган шахслар транспорт воситалари салонига чиқарилмайди.

«Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Транспорт вазирлиги ва бошқа қатор манфаатдор ташкилотлар таклифига биноан республика махсус комиссияси қарорига кўра йўналишли автобус ҳайдовчилари (кондукторлари) ва метро кузатувчилари ниқобсиз бўлган шахсларни транспорт воситалари салонига чиқармаслик (киритмаслик) чораларини кўриши белгиланди. 

Шунингдек, мунтазам равишда микрофон орқали шахсларнинг масъулиятини ошириш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиши, жамоат транспортларининг охирги бекатида дезинфекция-тозалаш ишлари амалга оширилиши зарурлиги кўзда тутилмоқда. 

Темир йўл вокзаллари ва аэропортларда эса санитария-эпидемилогия талабларига амал қилиниши қатъий назоратга олиниши, шу жумладан, дезинфекция ва тозалаш тадбирлари мунтазам равишда йўлга қўйилиши таъминланадиган бўлди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Коронавирус тарқалишига қарши қабул қилинган чора-тадбирларга кўра, энди санаторий, пансионат ва болалар оромгоҳларига бориш учун ПЦР-тест таҳлилининг манфий натижа қайд этилган маълумотномаси талаб этилади.

«Эндиликда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар алоҳида кўрсатма бўлгунга қадар фуқароларни санаторий, пансионат ва болалар оромгоҳларига қабул қилишдан олдин охирги 72 соат давомида топширилган ПЗР таҳлили талаб этилиши тартиби жорий этилади», дейилади вазирлик хабарида.

ПЦР-тест ушбу муассасалардан бирига келишдан аввал 72 соат ичида амалга оширилиши керак. 

Бундан ташқари, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланувчилар гуруҳи яна кенгайди. Эндиликда 50 ёш ва ундан катталар бепул вакцина олиши мумкин. Шунингдек, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатлами қаторида босқичма-босқич Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан эмлаш тадбирларини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Ўзбекистонда июнь ойининг иккинчи ўн кунлигидан касалланиш ҳолатлари ўса бошлади, дастлаб кунлик ҳолатлар сони мунтазам равишда 300дан ошиқ бўлди, сўнгги кунларда эса бу кўрсаткич 400дан кам бўлмаяпти.

Бундан аввалроқ Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси коронавирус сабаб ёпилиши маълум қилинганди.

Мавзуга оид