Ўзбекистон | 10:48 / 24.06.2021
63883
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавируснинг «ҳиндча» штамми аниқланди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида коронавируснинг “ҳиндча” штамми аниқланди. Бу ҳақда Kun.uz’га вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Янги штаммни аниқлаш устида Илғор технологиялар маркази олимлари иш олиб боришган. Мазкур штамм ҳозиргача дунёнинг 74 давлатида аниқланган эди. Коронавируснинг “ҳиндча” штамми тез юқувчанлиги билан бошқа штаммларига нисбатан хавфли деб ҳисобланмоқда. Бу штамм аниқланган Ҳиндистон давлатида ҳозирги кунда 30 млн касалланиш, 390,2 минг ўлим ҳолати қайд этилган.

23 июнь куни Қозоғистон ҳукумати бу штамм мамлакат пойтахти Нур-Султонга етиб келганини маълум қилди. Сўнгги ҳафтада шаҳарда кунлик касалланиш кўрсаткичи 40 фоизга ошган, қатор беморларнинг таҳлил натижалари уларга янги штамм юққанини кўрсатган. Қўшни давлатда сўнгги бир кунда 1248та касалланиш ҳолати қайд этилиб, 12 бемор вафот этди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса сўнгги бир кунда 442 кишида касаллик қайд этилиб, 400га яқин бемор тузалгани, бир нафар бемор вафот этгани тўғрисида хабар берди.

Мамлакатда янги касалланиш ҳолатлари сони кундан кунга ошмоқда, сўнгги марта май ойи бошида 442тадан юқори ҳолат (+452) қайд этилганди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3513 нафар бемор даволанмоқда.

Мавзуга оид