Ўзбекистон | 15:47 / 25.06.2021
213896
2 дақиқада ўқилади

Карантин талаблари кучайтирилмоқда: Тошкентга киришда чекловлар жорий этилди

Тошкент шаҳри қўшни вилоятлар учун икки ҳафтага ёпилади, бутун республикадаги кўнгилочар объектлар иш фаолияти чекланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги карантин тартиб ва чекловларига қўшимчалар киритилгани тўғрисида маълум қилди.

Сўнгги кунларда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётганлигини инобатга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таклифига биноан, бугунги кунга қадар Республика махсус комиссиясининг қарорлари билан жорий этилган тартиб ва чекловларга қўшимчалар киритилди:

  • жорий йилнинг 28 июнидан 12 июлига қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди;
  • хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламлари билан биргаликда Тошкент шаҳри аҳолисининг 18 ёшдан катта бўлган барча қатламини ўзлари бириктирилган оилавий поликлиникаларда коронавирус инфекциясига қарши Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ихтиёрий тарзда оммавий эмланиши белгиланди;
  • жорий йилнинг 28 июнидан бошлаб республика бўйлаб кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00дан 20:00гача рухсат берилади;
  • кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасаларнинг умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 24 июнь куни коронавируснинг янги штамми – дастлаб ўтган йил кузида Ҳиндистонда қайд этилган «Дельта» штамми Ўзбекистонда ҳам аниқлангани ҳақида хабар берилди. Бу штамм аввалгиларига қараганда тезроқ тарқалади ва ўлим хавфи ҳам юқори ҳисобланади.

ССВ статистикасига кўра сўнгги бир кунда 476та янги касалланиш ҳолати қайд этилди – бу йил бошидан буён энг юқори кўрсаткичдир.

Мавзуга оид