Жамият | 21:35 / 30.06.2021
11905
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида коронавирус вазияти қандай? ССБ бошлиғи маълумот берди

Андижонда июн ойининг сўнгги икки кунида коронавирусга чалинганлар сони бўйича жорий йилдаги антирекорд қайд этилди. Вилоятда ўтган икки сутка давомида 60га яқин касаллик юқтирганлар аниқланди. Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Юсупов билан суҳбатлашди.

“29 июн куни Андижон вилоятида COVID-19 касаллигига чалинган 24 нафар бемор аниқланган бўлса, 30 июн куни 34 нафар бемор аниқланди.

Улар ҳозирда Андижон шаҳридаги вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ҳамда шаҳар тиббиёт бирлашмасида даволанмоқда.

Вилоятда коронавирус билан зарарланганлар 90 нафарни ташкил қилиб, шундан 41 нафари уйда, 49 нафари эса шифохоналарда ётиб даволаняпти.

Сабабларга тўхталадиган бўлсак, аҳоли ўртасида тўйга, тантанага кўплаб одамларни таклиф қилиш давом этмоқда. Бу одатдан воз кечишнинг вақти келди, ахир. Оммавий тадбирларнинг кўпайиши, фуқароларнинг бир ерга тўпланиб мулоқотга киришиши оқибатида коронавирус юқтириш ҳолатлари кўпаймоқда.

Ҳозирги кунда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 250 нафардан ортиқ, шаҳар марказий шифохонасида 280 нафарга яқин коронавирус ва пневмония билан касалланган беморларимиз ётибди.

Вилоятимизда 5132 нафар бемор учун захира жойлар тайёрланган. Касалликнинг олдини олиш учун эмлаш ишларига эътибор қаратишимиз лозим. Бугунги кунда вилоятда кунига 15200 нафар аҳоли эмланмоқда.

Эмлашнинг қандай фойда беришини таҳлил қилиб чиқдик. Ўтган мавсум биринчи эмлаш олганларнинг ичида 6 кишида касаллик аниқланди. Иккинчи эмлашни олганлар орасида 2 кишида касаллик тасдиқланиб, учинчи эмлашни олиб тугатганларда бирорта ҳам ҳолат кузатилгани йўқ.

Куни кеча вилоят ҳокимлигининг махсус комиссияси қарори чиқди. Маҳалла фуқаролар йиғини, вилоят ички ишлар бошқармаси, божхона, барча ҳамкор ташкилотлар билан рейдлар, жойларда тушунтириш ишларини олиб бориб, керакли кўрсатмалар беришга ҳаракат қиляпмиз”, – деди Андижон вилоят ССБ бошлиғи Салоҳиддин Юсупов.

Мавзуга оид