Иқтисодиёт | 13:32 / 01.07.2021
57969
4 дақиқада ўқилади

«Викуп»га автомобиль харид қилишда нималарни билиш керак?

Сотиб олиш шарти билан ижара асосида автотранспорт воситасини харид қилаётганда дастлаб қулай ва ҳеч қандай хавф йўқдек туюлса-да, аммо якунда сизга кўринмаётган ва охири пулингиз ортиқча сарфланишига олиб келиши мумкин бўлган бир қатор яширин талаблар мавжудлигини ёдда тутиш лозим.

Кундалик ҳаётимизда машина олиш истагида юрган, аммо етарлича маблағга эга бўлмаган одамларни кўп учратиш мумкин. Бундай ҳолатларда улар кейинчалик сотиб олиш шарти билан автотранспорт воситасини ижарага олиш каби усуллардан фойдаланишга ҳаракат қилади. Унутмаслик керакки, исталган шартномани тузишдан олдин, унинг нозик жиҳатларига эътибор қаратиш лозим. Шартнома тузаётганда нималарга эътибор қаратиш керак? Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фуқароларни огоҳ бўлишга чақирмоқда.

Кейинчалик сотиб олиш шарти билан автотранспорт воситасини ижарага олиш

Бу жараён икки босқичда амалга оширилади. Дастлаб бўнак (аванс) тўлов амалга оширилгани тўғрисида шартнома тузилади, сўнгра кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижара шартномаси имзоланади. Шуни ҳам ҳисобга олиш лозим, агар ижарага олинаётган автомашина маркаси топилмаса, фуқаро хизмат кўрсатаётган корхона томонидан тақдим этиладиган учта вариантдан бирини танлашга мажбур. Агар фуқарога таклиф қилинган вариантлар ёқмаса, у пулни қайтариб олишга, фақатгина 40-60 иш куни ўтганидан сўнг (корхонанинг сиз хоҳлаган автомашинани қидиришга яна 120 кун, жами 180 кунгача) ҳақли ҳисобланади.

Шунингдек, яна бир нарсага жиддий эътиборда бўлиш керак: агар дастлаб шартномада таклиф қилинган транспорт воситаси тақдим этилмаса, ижарага берувчи ҳеч қандай мажбуриятларни ўз зиммасига олмайди. Яъни корхона сизнинг маблағингизни деярли 6 ой давомида сақлаб тургани, вақтингизни олгани, хизмат кўрсатмагани учун ҳеч қандай молиявий ёки бошқа йўқотишларга дуч келмайди.

Аванс тўлов шартномаси ва сотиб олиш шарти билан ижара шартномаси корхона томонидан 5 дақиқа ичида нотариал тасдиқланмасдан ва бошқа ҳужжатлар талаб қилинмасдан тузилади.

Бундан ташқари, сиз ижарага машина олсангиз, унинг расмий эгасига айланмайсиз ва эгалик ҳуқуқи сизга тегишли бўлмайди, устига устак корхонадан ҳар ойда транспорт воситасини бошқариш учун ишончнома расмийлаштирилиши лозим.

Агар молиявий аҳволингиз ёмонлашиши оқибатида тўлов қобилиятини йўқотсангиз ва шартнома шартларини бажара олмасангиз, транспорт воситаси олиб қўйилади ва фуқарога тўлаган маблағи қайтарилмайди.

Шартнома тузишда нималарга эътибор бериш керак?

Шартнома тузишда томонларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлигини синчиклаб ўрганиб чиқиш лозим. Амалиётда ноинсоф компаниялар шартномада фақат автотранспорт воситасини оладиган фуқаронинг жавобгарлигини кўрсатадилар, бу эса улар зарар кўришлари, ҳатто автомобилдан маҳрум бўлишларига олиб келади.

Қуйидаги ҳолатларда кўплаб қоидабузарликлар аниқланган:

  • аванс тўловлари тўғрисидаги шартномаларда транспорт воситасининг тўлиқ қиймати кўрсатилмаслиги;
  • ижарага олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни йиғиш,тайёрлаш ва расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплашга фуқаролардан фоиз ундириш;
  • ташкилотнинг ўз мажбуриятларини номувофиқ ёки ўз вақтида бажармаганлиги учун пеня миқдори шартномада кўрсатилмаслиги;
  • бошланғич тўловни амалга ошириб, бир неча ойлаб (шартнома бўйича 120 иш куни) автомобил воситасини кутаётган истеъмолчига шартномада кўрсатилмаган, нархи қимматроқ бошқа русумдаги автомобил воситаси таклиф этилаётганлиги;
  • шартномада кўрсатилган фоиз ставкаси Марказий банк томонидан ўрнатилган қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлиши мумкин эмас (жорий ҳолатга кўра йиллик 14 фоиз). Чунки бу ташкилот учун мутлақо фойдасиздир.

Хулоса

Сотиб олиш шарти билан ижара асосида автотранспорт воситасини харид қилаётганда дастлаб ҳеч қандай хавф йўқдек ва аксинча бу қулай шартларда тақдим этилгандек туюлиши мумкин. Бироқ мазкур ташкилотлар тақдим этаётган шартлар остида сизга кўринмаётган ва охири пул маблағларингиз ортиқча сарфланишига олиб келиши мумкин бўлган бир қатор яширин талаблар мавжудлигини ёдда тутишингиз лозим. Шу боис, ҳурматли фуқаролар, шартнома шартлари, ундаги томонларнинг жавобгарлигини диққат билан ўрганиб чиқинг.

Мавзуга оид