Жаҳон | 22:01 / 04.07.2021
19091
4 дақиқада ўқилади

«Аввал кузатилмаган фалокат» — Кипр ўрмон ёнғинлари домида қолди. Ҳукумат ёрдам сўрамоқда

Ўрта Ер денгизи бўйидаги давлатлар орол ҳудудининг жанубий қисмини қамраб олган кучли ўрмон ёнғинларига қарши курашаётган Кипр ҳукуматига ёрдам юбормоқда. Мамлакат президенти бу ёнғинни республика тарихидаги бемисл офат деб атади.

Ҳозиргача Греция, Италия ва Исроил ўт ўчириш самолётлари, ўт ўчирувчилар ва махсус техникалар юборгани ҳақида хабар берган. Оролга жойлаштирилган британ ҳарбийлари аллақачон оловни ўчириш ишларида фаол иштирок этмоқда.

Кипр Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ёнғин ҳудудларидан тўрт кишининг жасади топилган. Бу жасадлар шанба куни ёнғин ичида қолиб кетган автомобил топилгач, бедарак йўқолгани хабар қилинган Мисрдан келган қишлоқ хўжалиги ишчилариникидир.

Шанба куни кундузи Ламасола туманидаги Аракапас қишлоғи яқинида кучли ёнғин бошланган, якшанбага ўтар кечаси қўшни қишлоқларга тарқалган: Эптагония, Акапнос, Орас, Мелини ва Сикопетрас.

«У бўрон каби бостириб келмоқда ва барчасини яксон этмоқда», деган Аракапас қишлоғи оқсоқоли Вассос Василиу.

Ўт ўчириш хизматлари ёнғин тоғли ҳудудлар ва Махерас ўрмони орқали кенг тарқалиб кетишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.

Кучли шамоллар ҳамроҳлик қилаётган ёнғин Лимасоладан шимол ва шарқдаги ҳудудлар томон ҳаракатланмоқда: кўплаб қишлоқлар аҳолиси эвакуация қилинган, ўнлаб уйлар бутунлай ёниб кетган.

Ёнғинлар 55 квадрат километрдан кўпроқ майдонни қамраб олган. Унга қарши 70та ўт ўчириш машинаси кураш олиб бормоқда.

Сўнгги ҳафтада Кипрда иссиқ ҳаво ҳукм сурмоқда: мамлакатнинг баъзи ҳудудларида ҳарорат 40 даражага етган. Бироқ ҳукумат ёнғинларда инсон қўли бор бўлиши мумкинлигини гумон қилмоқда.

Ҳукумат ёнғин келтириб чиқаришда гумон қилинаётган 67 ёшли эркак ушлангани ҳақида маълум қилган. Маҳаллий аҳоли вакиллари полицияга олов бошланган вақтда Аракапас қишлоғидан қочиб кетаётган одамни кўришгани ҳақида айтишган.

Лимасолада яшовчи Юлия BBC рус хизмати мухбири билан суҳбатда айни вақтда шаҳарда вазият барқарорлиги, кучли ёнғинлар тоғли ҳудудларда бўлаётганини айтган.

«Рус тилли радиода тоғларга сафар қилишдан тийилиш сўралмоқда, йўллар ёпиқлигидан огоҳлантиришмоқда. Лимасоланинг ўзида ҳаво иссиқ, аммо бу йилнинг шу вақти учун одатий ҳолат», деган у.

Мамлакат президенти Никос Анастасиадис ёнғинни бемисл ва ҳалокатли деб атаган.

«Бу аввал ҳеч кузатилмаган фожиа, фақат 1974 йилги босқинни [турк аскарлари]  ҳисобга олмаганда. Ўнлаб ҳаётлар, кўчмас мулк, ер ва ўрмон йўқ бўлмоқда. Бу энг вайронкор ёнғин бўлмоқда, афсуски, ўлим ҳолатлари тасдиқланган. Ҳукумат жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар оилаларига зудлик билан ёрдам кўрсатади. Биз ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаймиз», деган .

Ёнғин сезиларли даражада кучайгач, Кипр расмийлари халқаро кўмак сўраб мурожаат қилган.

Исроил Кипрга ўт ўчириш авиацияси ва ўт ўчириш воситаларини юборган. Греция ва Италия ҳам ўт ўчириш самолётлари билан ёрдам кўрсатган.

Никос Анастасиадис ушбу мамлакатларга ёрдам учун миннатдорчилик билдирган ва биринчи навбатда инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга эътибор қаратилишини билдирган.

«[Юқори] ҳарорат, кучли шамол - биз учун энг катта хавф, айниқса гап инсон омили ҳақида кетса», дея қайд этган Анастасиадис.

У ёнғиндан жабрланганларга ва қурбонларнинг оилаларига ёрдам кўрсатилишини ваъда қилган. Журналистнинг айбдорларнинг жавобгарликка тортилиши масаласида берилган саволига жавобан  президент дастлабки ҳибсга олиш ишлари ўтказилганини маълум қилган.

«Мен барчани онгсиз, қасддан ёки эҳтиётсизлик билан бундай фалокатларга сабаб бўлувчиларга нисбатан ҳушёр бўлишга чақираман», дея қўшимча қилган Анастасиадис.

«Бу Кипр тарихидаги энг даҳшатли ёнғин», деган Omega TV телеканали мухбирига ўрмон хўжалиги департаменти раҳбари Хараламбос Александру.

Еврокомиссия Copernicus сунъий йўлдоши оловнинг тарқалишини кузатиш ва жабрланган ҳудудлардаги ҳолатни баҳолаш учун йўналтирилганини маълум қилди.

Айни вақтда бир қанча вертолёт ва самолётлар Лимасоладан узоқ бўлмаган Акротири базасидаги британиялик ҳарбийлар кўмагида оловни ўчириш ишларида қатнашмоқда.

Мавзуга оид