Жамият | 15:19 / 05.07.2021
14725
3 дақиқада ўқилади

Мораторийга қарамай, Деновда дарахтлар ёппасига кесилди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Денов туманида кўп йиллик дарахтлар ёппасига кесилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Денов шаҳридаги Шароф Рашидов ва Намозгоҳ маҳалласи ҳудудида ва туман марказининг бошқа ҳудудларида кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланган. Суратларда кесилган дарахтларнинг айримлари кимлардир томонидан сотувга ҳам қўйилгани акс этган.

Kun.uz Деновда дарахтларнинг оммавий кесилиши юзасидан туман ҳокимлиги ахборот хизматидан изоҳ сўради. Ҳокимлик ахборот хизмати барча масъуллар туман ҳокимлигида ўтказилаётган селекторда эканини, селектордан кейин аниқ маълумот олиб беришини маълум қилди.

Деновда дарахтлар оммавий кесилиши бўйича Сурхондарё вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси муносабат билдирди. Унда ҳолат бошқарма томонидан назоратга олингани ва кейинроқ қўшимча маълумот берилиши ёзилган.

Маълумот учун, 2020 йил 9 апрелида президентнинг «2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида» ПҚ-4667-сонли қарори қабул қилинган. Kun.uz манбаси хабар қилишича, Денов туманида шу қарор ижроси доирасида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 ноябридан дарахтлар кесилишига мораторий жорий этилганди. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонда айтилган.

«Вазирлик ва идоралар, шунингдек, хўжалик бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари объектларни қуриш ва қуришни лойиҳалаштириш учун ер майдонларини танлаш ва ажратиш босқичида, шунингдек, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини (электр, газ ва сув таъминоти, канализация, темир йўл ҳамда автомобил йўллари ва бошқалар) барпо этишда, шу жумладан, дарахтлар ва буталарни кўчириб ўтказиш амалиётини қўллаш орқали уларнинг сақлаб қолинишини қатъий таъминлайди», дейилган фармонда.

Республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилган.

Ҳужжат билан ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида қимматлиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли 10 туп кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш мажбурияти киритилди. Шунингдек, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурий этиб белгиланди.

Аммо жойларда юқоридаги қарорларга амал қилинмаяпти.

Мавзуга оид