Жамият | 12:38 / 06.07.2021
25759
5 дақиқада ўқилади

Карантин бўйича икки хил стандарт. Мисолларни санашда давом этамиз

Бир томондан “аҳвол ёмон, касалхоналар тўлган, одамлар ўляпти, ўзингизни асранг, карантин қоидаларига риоя қилинг” деб туриб, бошқа томондан ўн минглаб одамларни тўплаб, кўнгилхушлик қилинмоқда. Бундай байрамлар-у дабдабаларни кўрган оддий халқ коронавируснинг хавфини ҳис қилармиди...

Жорий йилнинг 28 июнидан республика бўйлаб кўнгилочар ҳамда умумий овқатланиш объектлари учун карантин муносабати билан айрим чекловлар ўрнатилди – уларнинг ишлашига соат 8:00дан соат 20:00гача рухсат берилди, ташриф буюрувчиларга ушбу муассасалар умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланди.

Бир томондан республиканинг деярли барча ҳудудларида кунлик касалланиш ҳолатлари кескин ортиб, махсус даволаш муассасалари фаолияти қайта тикланаётган бир пайтда, жойларда инсон ҳаётини хавф остида қолдирувчи, қолаверса карантин чекловларига тупуриб қўйилганлигини намойиш этувчи тадбирлар авж олмоқда.

Айтайлик, Андижонда июн ойининг сўнгги икки кунида коронавирусга чалинганлар сони бўйича жорий йилдаги антирекорд янгиланди. Аммо, шунга қарамай вилоятнинг айрим туманларида маҳаллий ҳокимлик ва фуқаролар иштирокида турли учрашувлар ташкил қилинмоқда.

Айниқса ўзини-ўзи яккалаш ёшида бўлган кексаларнинг бир-бирига зич ўтирган ҳолда мажлисбозлик қилинаётгани хеч қайси мантиққа тўғри келмайди. Ижтимоий масофани сақлаш бутунлай унутилган.

Избоскан тумани. 2021 йил 2 июл. Туман ҳокими С.Исмоилов ва сектор раҳбарлари оғир ҳудуд дея топилган «Бештерак» МФЙда яшовчи 400 нафардан зиёд фуқаро билан учрашди.

Балиқчи тумани. 2021 йил 1 июл. Туман ҳокими Ж.Абдурайимов тумандаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишда ортда қолаётган ҳамда ишсизлик даражаси юқори бўлган «Адолат» МФЙда яшовчи фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида фуқаролар билан учрашди.

Пахтаобод тумани. 2021 йил 3 июл. Ҳудудларни қолоқликдан чиқариш, уларни ҳар томонлама ривожланган масканлар қаторига олиб чиқиш доирасида туман прокурори ва туман ҳокимининг биринчи ўринбосари иштирокида Ҳаётбахш маҳалласи фуқаролари билан мулоқот ўтказилди.

Қўрғонтепа тумани. 2021 йил 3 июл. Ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан ортда қолаётган деб топилган Қизил тўқай маҳалла аҳолиси билан учрашув ўтказилди.

Юқоридаги каби ҳолатларни деярли ҳар бир вилоятнинг ҳар бир туманидан мисол келтириш мумкин.

Карантин чекловлари кучайтирилганидан сўнг, юқорида айтганимиздек 2 хил стандарт ишлай бошлади – қоидани бузган оддий халқ ёки тадбиркорга жазо тайин, аммо минглаб одамлар ҳаётини хавф остига қўяётган мансабдорларга келганда ҳамма жим.

Масалан, Қувада кичик ошхона белгиланган муддатдан озгина кўпроқ ишлагани учун 12,5 млн сўм жаримага тортилди.

Буни қарангки, айнан ушбу туманда 3 июл куни вилоят прокурори ўринбосари, туман сектор раҳбарлари ва қишлоқ хўжалиги тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари томонидан фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида семинар ўтказилган.

Ёки 28 июнь куни Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси ходимлари вилоят ИИБ ЙҲХБ инспекторлари томонидан Қарши шаҳрида ўзи ниқобсиз бўлган ёки ниқобсиз йўловчиларни олиб юрган ҳайдовчиларга баённома расмийлаштириш ҳолатини олайлик.

Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев 3 июл куни Туркиянинг Малтепа шаҳри ҳокимини қабул қилиб, меҳмонлар билан ташкил этган учрашувида эса карантин қоидалари шунчаки унутиб турилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Қани энди оддий ҳайдовчиларга келганда ишлайдиган қонунлар туман раҳбарларига нисбатан ҳам ишласа. Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас, мабодо шундай бўлса, карантин вақтида амал қилаётган 2 хил стандартга барҳам бериб қўйилади. Кимсан ҳоким ва сектор раҳбарларининг оддий аҳолидан фарқи қолмай қолади.

Оддий мантиқни ишлатиб, фикр юритайлик, қай бири хавфлироқ – 10-15 киши учун тамаддихона очиб, эвазига давлатга солиқ тўлашми ёки юзлаб одамларни йиғиб давлат ва жамият учун бирор тайинли фойдаси бўлмаган тадбирлар ўтказишми?

Давлатга солиқ тўлайдиган тадбиркор айни сердаромад вақтда – 20:00да емакхонасини ёпиши керак, бўлмаса коронавирус тарқалиши мумкин. Лекин айни шу вақтда ёшларни бир жойга йиғиб, концерт ташкил этилса, коронавирус юқмайди. Масалан, Ашхобод сайилгоҳида 1-4 июл кунлари эстраданинг бир қатор юлдузлари иштирокида концерт ташкил этилгани махсус комиссия томонидан хавфсиз деб ҳисобланмоқда. Фақат шугина эмас, бундай мисоллар бутун республика бўйлаб топилади.

Ашхобод сайилгоҳидаги консерт афишаси

5 июлга келибгина барча турдаги оммавий тадбирларни ўтказиш тўхтатилиши маълум қилинди. Зора шу билан барча мантиқсизликлар якун топса.

Мавзуга оид