Юзлаб афғон ҳарбийлари толиблар ҳужумидан Тожикистонга қочиб ўтмоқда
Сўнгги кунларда Афғонистон армиясининг мингдан ортиқ ҳарбийси толиблар билан жанглардан чекиниб, жон сақлаш учун Тожикистон ҳудудига қочиб яширинишга мажбур бўлган.
«Ховар» ахборот агентлиги чегара қўшинлари матбуот хизматига таяниб хабар беришича, душанба кунига ўтар кечаси Тожикистонга чегара орқали 1037 нафар афғон ҳарбий хизматчиси кирган. Агентлик маълумотига кўра, бир кун олдинроқ, 4 июль куни Тожикистонга яна 94 нафар афғон ҳарбийси қочиб ўтганди.
Тожикистон ҳукумати афғон ҳарбий хизматчиларига ўз ҳудудига киришга рухсат бермоқда. «Ховар» хабарига кўра, афғонистонлик ҳарбийлар чегарадан бир вақтда эмас, гуруҳ-гуруҳ бўлиб турли вақтларда ва чегаранинг турли нуқталарида ўтишган. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш учун 20 минг ҳарбий хизматчини сафарбар қилди.
«Интерфакс» 3 июль куни 300 нафарга яқин афғон ҳарбийлари «Толибон» ҳаракати ҳужуми остида Тожикистон ҳудудига чекингани ҳақида хабар берганди. Июнь ойи охирида ҳам ўнлаб афғон ҳарбийлари тожиклар ҳудудига қочиб ўтганди.
Хорижий базаларсиз
Афғонистондаги вазият мамлакатдан АҚШ ва НАТО мамлакатлари ҳарбий контингенти олиб кетилиши фонида ёмонлашмоқда.
Афғонистоннинг бир неча туманларида қақшатқич жанглар давом этмоқда. Сўнгги кунларда Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош бўлган Бадахшон вилоятида толиблар яққол устун кела бошлаган.
Июль ойида толиблар жанубдаги Қандаҳор вилоятида ҳам катта ҳудудларни эгаллаб олди, ўтган ойда шимолдаги Қундуз ва марказдаги Вардак эгалланганди. Афғонистон расмийлари маълумотига кўра, ҳозирда мамлакат ҳудудининг учдан бир қисми толиблар қўлига ўтган.
BBC радиоси Афғон хизмати муҳаррири, профессор Довуд Аъзамийнинг айтишича, ҳукумат кучларининг жанговар тайёргарлиги юқори даражада эмас.
«АҚШ ва НАТО кучларининг зудлик билан олиб кетилиши афғон хавфсизлик кучларини руҳий жиҳатдан синдирди. Толиблар бирданига бир неча фронтдан ҳужумга ўтгани боис ҳукумат кучлари мамлакатнинг қатор туманларида, айниқса америкалик ҳарбийларнинг ҳаводан қўллаб-қувватлови тўхтаган паллада, ўз позицияларини ҳимоя қилиш учун имконият ва ресурслар етишига ишонқирамаяпти», дейди таҳлилчи.
2020 йилда АҚШ ва «Толибон» вакиллари Доҳада тинчлик келишувини имзолашганди. Унга кўра Афғонистондан хориж ҳарбийларини 14 ой муддат ичида олиб кетиш, асирлар алмашуви ва мамлакатнинг легитим ҳукумати билан мулоқот ўрнатиш кўзда тутилганди.
14 ойлик муҳлат 2021 йилнинг 1 майида якунланган бўлса-да, Байден америкалик ҳарбийларни тўлиқ олиб чиқиш муддатини 11 сентябрга қолдирганди. Ўтган ҳафта охирида Афғонистондаги халқаро ҳарбий амалиётлар ўтказишда фойдаланиб келинган энг асосий пункт - Багромдаги ҳарбий базани сўнгги хорижлик ҳарбийлар ҳам тарк этишди.
Reuters манбаси хабар беришича, Афғонистонда кичик контингент қолдирилади, бу ҳарбийлар Америка элчихонаси ва Кобулдаги халқаро аэропортни қўриқлашади.
Толибларнинг ультиматуми
Аммо толиблар Афғонистонда бирорта ҳам хорижлик аскар қолмаслигини талаб қилишмоқда. Ҳаракат вакили Суҳайл Шаҳин BBC учун берган интервьюсида шу ҳақда айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, бу талаб АҚШ мудофаа вазирлиги билан шартнома асосида хизмат қилувчи ходимларга ҳам тааллуқли бўлади.
«Биз хорижлик ҳарбийларга қаршимиз, аммо дипломатларга, нодавлат ташкилотлар ходимларига эмас. Нодавлат ташкилотлар ва элчихоналар - бизнинг одамларимизга керак, биз уларга таҳдид солмаймиз», деган «Толибон» вакили.
Суҳайл Шаҳиннинг сўзларига кўра, уездлар ва шаҳарларнинг катта қисми жанглар натижасида эмас, музокаралар воситасида қўлга киритилмоқда - ҳукумат кучлари шунчаки улар билан жанг қилишни истамаяпти.
«Толиблар ҳукумат кучлари жангчилари билан музокараларга киришмоқда ва уларга демоқда: «Сизларда уч ҳафтадан буён ейишга овқат йўқ, сизларда ўқ-дори етишмаяпти, ҳеч ким сизларни қутқаришга келмайди, жароҳатланганлар ва ҳалок бўлганларни ҳеч ким олиб кетмайди. Биз эса сизларни қўйиб юборишга тайёрмиз, фақат қуролларни топширсангиз бўлгани», - дея ҳикоя қилади BBC’га Афғонистон армияси махсус отряди билан рейдда бўлган Times журналисти Энтони Лойд.
Гап Афғонистон армиясининг йирик ҳарбий базалари ҳақида борганда эса, «Толибон» ҳатто аскарларга ўз шахсий қуролларини олган ҳолда кетишни таклиф этмоқда. Натижада аскарлар чекинмоқда, базалардаги ўнлаб техникалар, жумладан америкаликлар томонидан афғон армиясига берилган замонавий зирҳли автомобиллар толиблар қўлига тушмоқда. Шунингдек, жангарилар миномётлар, улкан миқдордаги ўқ-дори ва бошқа оғир қуролларни ўлжа қилиб олишмоқда.
Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Моҳиб «РИА Новости»га берган интервьюсида айтишича, ҳукумат учун толибларнинг ҳаракатлари кутилмаган ҳол бўлган.
«Биз бу йил «Толибон»дан биз билан Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар бошлашини кутгандик. Бутун дунё ва минтақанинг умидлари шундай эди. Аммо, афсуски, толиблар огоҳлантиришсиз юришлар бошлади, бу эса мамлакатдаги барча соҳаларга салбий таъсир кўрсатди: улар туманлар марказларига, мактабларга, хавфсизлик хизматимиз ходимларига ҳужумлар қилишди, улар кўприкларни портлатишди ва жамоат инфратузилмаларини йўқ қилишди», деган у.
Моҳибнинг сўзларига кўра, афғон вилоятларида ҳукумат кучларини маҳаллий аҳоли вакилларидан тузилган қуролли отрядлар қўллаб-қувватламоқда, шу туфайли мамлакатда узоқ давом этадиган фуқаролик уруши бошланиб кетиши мумкин.
Иккинчи афғон уруши бўлмайди
Афғонистондаги вазият - доимо Россия ҳукумати эътиборида бўлиб келади.
«Биз аввал ҳам бир неча марта айтганмиз, америкаликлар ва уларнинг иттифоқчилари Афғонистондан чиқиб кета бошлагандан сўнг, бу давлатдаги вазият хавотирни кучайтирмоқда.
Вазият ривожланиб бориши билан бизнинг ҳарбийларимиз ва чегарачиларимиз керакли қарорларни қабул қилади. Биз диққат билан кузатмоқдамиз ва афсус билан айтишимиз мумкинки, беқарорлик юз бермоқда», деган 5 июль куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Россиянинг Афғонистон билан умумий чегаралари йўқ, аммо бу давлатнинг қўшнилари - Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон билан жиддий иқтисодий алоқалар бор ва бу давлатлардан Россияга кўп сонли меҳнат муҳожирлари келиб ишлашади.
Душанба куни Россия президенти Владимир Путин Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилган, томонлар тожик-афғон чегарасидаги мураккаб вазиятни муҳокама қилишган. Суҳбат давомида Путин Афғонистон билан чегарадаги вазиятда Тожикистонга зарур қўллаб-қувватлов бўлишини ваъда қилди - икки томонлама муносабатлар доирасида ҳам, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ/ОДКБ) доирасида ҳам.
Кўплаб экспертлар Афғонистондаги вазият қўшни давлатлар барқарорлигига таъсир кўрсатиш орқали Россияга ҳам таҳдид солиши мумкин деб ҳисоблайдилар.
Шу билан бирга, Москва ҳозирча Афғонистонга ҳарбий контингент юборишни режалаштираётгани йўқ. Песков душанба кунги матбуот анжуманида минтақага Россия ҳарбийларини юбориш ҳали режада йўқлиги, аммо вазият янада кучайиб кетса, «керакли қарорлар қабул қилиниши»ни айтиб ўтган. Чегарадаги вазият кескинлашган ҳолатда Тожикистонга ёрдам кўрсатилиши мумкин.
Июнь ойи охирида КХШТ матбуот котиби Владимир Зайнетдинов «РИА Новости» мухбири билан суҳбатда, «Тожикистон сўров билан чиқса, КХШТ томонидан ўзаро келишув ва ташкилот устави бўйича зарур ёрдам кўрсатилишини, бундай ёрдам сиёсий, ҳарбий ва ҳарбий-техник кўмак тарзида бўлиши»ни айтиб ўтганди.
Тожикистонда Россия армиясининг 201-ҳарбий базаси жойлашган, маълумотларга кўра, бу ерда 6 минггача ҳарбий бор. Душанбе яқинидаги «Айни» аэродромига жойлаштирилган Ми-8 ва Ми-24 вертолётлари авиагуруҳи ҳам шу база таркибига киради.
Мавзуга оид
17:13
Ўзбекистон Афғонистон аҳолисига инсонпарварлик ёрдами ва «Саломатлик» поездини жўнатди
17:10
Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаводан зарба берди
18:20 / 18.12.2024
Ўзбекистон 2025 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради
16:51 / 16.12.2024