Жаҳон | 20:30 / 08.07.2021
12412
2 дақиқада ўқилади

Ҳаити президентига ҳужум тафсилотлари маълум қилинди

Ҳаити президенти Жовенел Моизга ҳужумни 5 кишидан иборат гуруҳ содир этган. Ҳужум оқибатида ҳалок бўлган Моизнинг танасига 12та ўқ теккан.

Фото: AP

Juno7 маҳаллий порталининг хабар беришича, Моиз 5,56 мм ва 9 мм калибрдаги қуроллардан ўққа тутилган. Ҳаити президентининг жасади “аянчли ҳолатда” топилган. Таъкидланишича, унинг чап қулоғи, пешонаси, қорни, ўнг ва чап оёғида ўқ излари бўлган. Шунингдек, Моиз чап оёғи синган ва чап кўзи ўйилган ҳолда аниқланган.  

Шу билан бирга, унинг тансоқчиларидан бирортасига ҳужум оқибатида зарар етмаган. Моизнинг ўлдирилиши иши билан шуғулланаётган судьянинг таъкидлашича, қотиллар Ҳаити президентининг қароргоҳида ниманидир излашган, чунки ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари у ерга етиб келганда уй остин-устун қилинган ҳолатда бўлган. Шунингдек, президент уйининг кўплаб хоналарида ўқ излари бўлган.

Таъкидланишича, ҳужум қилган шахслар ўзлари билан қандайдир жомадонларни олиб кетишган.

Моиз 7 июлга ўтар кечаси ўз қароргоҳига уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлди. Ҳужум вақтида Моизнинг рафиқаси Мартин Моиз оғир яраланган. Охирги маълумотларга кўра, унга ҳозирда Флоридадаги шифохонада тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, Моизнинг фарзандлари мамлакатни тарк этиб, ҳозирда хорижда қолмоқда.

Аввалроқ Моизга ҳужум қилган эҳтимолий жиноятчилардан 4 нафари ўлдирилгани, 2 нафари қўлга олингани маълум қилинганди.  

Моизга 2018 йил октябрда ҳам суиқасд амалга оширилган. Ўшанда Ҳаити асосчиси ва миллий қаҳрамони Жан-Жак Дессалин ўлимининг 212 йиллигига бағишланган маросимда Моиз ўққа тутилган. Ҳужум оқибатида Ҳаити президентига жиддий зарар етмаган ва у хавфсиз жойга эвакуация қилинган.

Мавзуга оид