Жаҳон | 18:32 / 12.07.2021
43068
9 дақиқада ўқилади

Афғонистон: 20 йиллик урушнинг 10 саволига жавоб

20 йиллик урушдан сўнг АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетмоқда.

Фото: Getty Images

Багром авиабазаси АҚШ ва унинг иттифоқчилари учун «Толибон» ва «Ал-Қоида» билан курашнинг маркази эди.

АҚШ бошчилигидаги коалиция 2001 йил декабрида у ерга жойлашади, шу тариқа мазкур база 10 минг аскарни ўзида жамлаган улкан базага айланади.

Дональд Трамп маъмурияти 2020 йил февралида «Толибон» билан музокаралар якунида америкалик ҳарбийларни 2021 йил 1 майига қадар Афғонистондан олиб чиқиш бўйича келишувга эришди. Аммо бу муддат АҚШнинг ҳозирги президенти Жо Байден томонидан кейинроққа сурилди ва энди 31 августгача АҚШнинг барча қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши кутилмоқда.

Айни пайтда «Толибон» Афғонистоннинг айрим ҳудудларида жадал олға юриб, ўнлаб туманларни эгаллаб олди.

Урушнинг қиймати инсоний жиҳатдан ҳам, молиявий жиҳатдан ҳам астрономик даражада катта бўлди.

Хўш, бу уруш нима учун бошланди? АҚШ ўз мақсадига эриша олдими?

АҚШ Афғонистонга нима учун кирганди?

2001 йил 11 сентябрда АҚШда уюштирилган терактлар натижасида 3 минг киши ҳаётдан кўз юмади.

Террорчилар олиб қочилган учта йўловчи самолёт билан Жаҳон савдо маркази ва АҚШ Мудофаа вазирлиги биносини нишонга олишади, яна бир самолёт эса Пенсильвания штатидаги далага қулаб тушади.

Ушбу воқеадан кўп ўтмай, ушбу хуружлар ташкилотчиси «Ал-Қоида» раҳбари Усама бин Лодин экани эълон қилинади.

Ўша вақтда Афғонистонни бошқарган ва бин Лодинни ҳимоясига олган радикал ташкилот саналмиш «Толибон» уни Америкага топширишдан бош тортади.

Терактлардан бир ой вақт ўтиб, АҚШ Афғонистонда «Ал-Қоида» ва «Толибон»га қарши ҳаво ҳужумларини бошлайди.

Кейин нима бўлди?

Икки ой ичида «Толибон» режими қулайди ва унинг жангчилари Покистонга чекинади.

Аммо толиблар шунчаки қочиб кетишмайди, балки яшириниб, вақт ўтиши билан кучайиб боришади. Улар гиёҳванд моддалар савдоси, маъданчилик ва товламачилик йўли орқали ҳар йили миллионлаб долларларни қўлга киритишади.

Фото: Getty Images

2004 йилда ҳокимиятга АҚШ томонидан қўллаб-қувватланувчи ҳукумат келади, аммо «Толибон»нинг ҳужумлари давом этади. Ташкилот кучайиб бораётгани сабабли афғон армиясига ёрдам берадиган халқаро коалиция ҳам ушбу таҳдидларга қарши курашда қийинчиликларга дуч кела бошлайди.

Можароларда кўплаб тинч аҳоли вакиллари ва афғон ҳарбийлари ҳалок бўлади.

Афғонистондаги можаро 2001 йилда бошланганмиди?

Бунга қисқа жавоб бор: йўқ.

Афғонистон АҚШ босқинидан олдин ҳам ўнлаб йиллар давомида катта тўқнашувлар саҳнасига айланганди.

1970-йилларда советлар иттифоқи коммунистик ҳукуматни қўллаб-қувватлаш учун мамлакатга ўз армиясини юборади.

Советлар АҚШ, Покистон, Хитой ва Саудия Арабистони каби давлатлар томонидан қўллаб-қувватланадиган ва ўзини мужоҳидлар деб атаган қуролли ҳаракатга қарши курашади.

Москва 1989 йилда ўз армияси билан Афғонистонни тарк этган бўлса-да, мамлакатда можаролар давом этади ва толиблар кучайиб кетади.

«Толибон» қандай қилиб бунчалик кучга эга бўлди?

«Толибон» 1990-йиллар бошларида Покистоннинг шимолий ва Афғонистоннинг жануби-ғарбий қисмидаги чегара ҳудудида кучая бошлайди.

Толиблар даҳшатли фуқаролар уруши оқибатларини енгиш йўлида курашаётган афғон халқига коррупцияга қарши кураш ва хавфсизликни таъминлашни ваъда қиладилар.

Шу тариқа, толибларнинг таъсир доираси кенгая боради. Улар мамлакатда исломий жазо усулларини қўллай бошлайдилар: зино қилганлар ва қотилларни майдонларда қатл этадилар, ўғрилик қилганларнинг эса қўлларини кесадилар.

Улар эркаклар учун соқол ўстиришни, аёлларга эса юз ва танани тўлиқ ёпиб турувчи бурқа кийишни мажбурий қилишади. Кино, телевидение ва мусиқани тақиқлашади, шунингдек, 10 ёшдан ошган қизларнинг мактабда ўқишига ҳам қарши чиқа бошлашади.

Фото: BBC

20 йил давомида «Толибон»ни йўқ қилиб бўлмадими?

Толиблар халқаро коалиция мавжудлиги сабабли 20 йил давомида ночор аҳволга тушиб қолишган, аммо абадий шундай қолмаслиги аниқ эди.

2001 йилдан кейин Афғонистонда энг қонли можаролар содир бўлган 2014 йилда халқаро кучлар Афғонистонда буткул қолиб кетишдан хавотирланиб, можародан чиқишга қарор қиладилар ва толибларга қарши кураш вазифасини афғон армиясига топширадилар.

Афғонистондаги АҚШ аскарлари, 2002-2020 йиллар

Аммо бу «Толибон»ни янада жасоратлантиради. Толиблар ҳукумат кучлари ва тинч аҳолига қарши ҳужумлар уюштириш орқали кўплаб ҳудудларни ўз назоратига олади.

BBC 2018 йил «Толибон» мамлакатнинг 70 фоиз ҳудудида очиқча иш олиб бораётганини маълум қилганди.

Можаро қанчага тушди?

Афғонистонда АҚШнинг 2,3 минг аскари ҳалок бўлди, 20 мингдан ортиғи жароҳат олди. Бошқа мамлакатларнинг ҳам юзлаб аскарлари қурбон бўлди ёки яраланди.

Фото: Reuters

Аммо урушларнинг энг катта мусибатини афғон халқи бошдан кечирди. Тахминларга кўра, Афғонистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан 60 минг киши ҳалок бўлган.

БМТ 2009 йил тинч аҳолининг қурбон бўлишини мунтазам равишда кузатиб боришни бошлаганидан бери, можаролар натижасида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган ёки жароҳат олганлар сони 111 мингдан ошган.

Бир тадқиқотда Афғонистондаги уруш АҚШга 1 трлн долларга тушгани айтилади.

«Толибон» билан қандай битим тузилди?

2020 йилнинг февралида АҚШ ва «Толибон» ўртасида «Афғонистонда тинчлик ўрнатиш тўғрисида»ги битим имзоланади.

Кўп йиллик музокаралардан сўнг эришилган ушбу келишувга кўра, АҚШ ва НАТО иттифоқчилари барча қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетиши, эвазига «Толибон» ўз назорати остидаги ҳудудларда «Ал-Қоида» ёки бошқа радикал гуруҳларнинг фаолият юритишига йўл қўймаслиги кўзда тутилган.

Ўтган йилги музокаралар доирасида «Толибон» ва Афғонистон ҳукумати ҳарбий асирларни алмашди. Ушбу келишувга кўра, «Толибон»нинг 5 мингдан ортиқ аъзоси озод қилинди.

АҚШ «Толибон»га қарши санкцияларини бекор қилишга ва БМТнинг алоҳида санкцияларини ҳам бекор қилиш чораларини кўришга ваъда берди.

«Шунча йиллардан сўнг, халқимизнинг уйга қайтиш вақти келди», деганди Афғонистон ҳукуматининг иштирокисиз толиблар билан тўғридан тўғри музокаралар олиб борган АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп. 

АҚШнинг барча аскарлари мамлакатни тарк этяптими?

Июль ойи бошида АҚШ ва НАТОнинг Багром авиабазасидаги сўнгги кучлари ҳам базани тарк этиб, хавфсизлик Афғонистон ҳукуматига топширилди.

AP агентлигининг хабар беришича, дипломатлар ва денгизга чиқиш йўли йўқ мамлакатни дунё билан боғлайдиган Кобул аэропортини ҳимоя қилиш учун тахминан 650 нафар АҚШ аскари қолиши кутилмоқда.

Мавжуд вазият қандай?

Келишувдан сўнг «Толибон» ўз тактикасини ўзгартириб, шаҳарлар ва ҳарбий базаларга ҳужум қилишга киришди ва тинч аҳолисини даҳшатга сола бошлади.

Фото: Reuters/BBC

Толиблар кўплаб ҳудудларни ўз назорати остига олишмоқда ва чет эл қўшинлари чиқарилгандан кейин Кобулдаги ҳукуматни ағдариш билан таҳдид қилишлари мумкин.

Мамлакатда «Ал-Қоида» ва ИШИД ҳам фаолият юритмоқда.

Кобулнинг келажагига оид хавотирлар кучайиб бораётганига қарамай, президент Ашраф Ғани исёнчиларни бостириш учун мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларининг кучи етарли эканлигини таъкидламоқда.

Афғонистондаги 20 йил: у бунга арзийдими?

«Бу саволнинг жавоби ўлчаган нарсангизга боғлиқ», дейди BBC’нинг хавфсизлик бўйича мухбири Фрэнк Гарднер.

Хавфсизлик бўйича юқори даражадаги манбаларнинг айтишича, уруш бошланганидан буён бирор муваффақиятли халқаро террористик ҳужум Афғонистондан туриб амалга оширилмаган.

«Агар сиз шунчаки халқаро терроризмга қарши кураш нуқтайи назаридан қарасангиз, у ердаги қўшинлар ўз мақсадларини бажаришди», дейди Гарднер.

Аммо орадан 20 йил ўтишига қарамай, «Толибон» мағлуб бўлишдан йироқ ва даҳшатли жанговар кучга эга.

Минтақадан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг июнь ойи 2001 йилдан бери кечган энг зўравонлик ойи бўлди, юзлаб одамлар ўлдирилди.

Мактаблар, ҳукумат бинолари ва электр энергиясини тақсимлаш иншоотлари каби йиллар давомида машаққат билан қурилган инфратузилмалар ҳам можаролардан зарар кўриш хавфи остида.

«Ал-Қоида», ИШИД ва бошқа жангари гуруҳлар тамоман йўқ бўлиб кетмади. Улар эндиликда қайта тикланмоқда. Ғарбнинг сўнгги қўшинлари мамлакатни тарк этиш арафасида эканлиги, шубҳасиз, уларга далда бермоқда», дейди Фрэнк Гарднер.

Мавзуга оид