Жаҳон | 15:33 / 03.08.2021
15923
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон собиқ бош вазири Темир Сариев қўлга олинди

Маълумот берилишича, Сариев иқтисодиёт вазири ва тегишли давлат комиссияси раиси бўлган вақтида “Қумтор” кони фаолиятининг экологик зарарини бир неча миллиард сомга камайтириб кўрсатгани аниқланган.

Фото: gov.kg

Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси тергов гуруҳи собиқ бош вазир Темир Сариевни қўлга олди. Бу ҳақда Кабар агентлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, у “Қумтор” олтин кони иши бўйича ушланган.

Агентликнинг ёзишича, тергов Сариев иқтисодиёт вазири ва тегишли давлат комиссияси раиси бўлган вақтида “Қумтор” кони фаолиятининг экологик зарарини бир неча миллиард сомга камайтириб кўрсатганини аниқлаган.

Аввалроқ “Қумтор” олтин кони иши бўйича сўроқда қатнашиш учун Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаев Россиядан Бишкекка келганди.

17 май куни Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси “Қумтор” конини ўзлаштириш билан шуғулланган “Кumtor Gold Kompani” корхонаси вакилларига нисбатан 4 та жиноий иш қўзғатганди. Қамчибек Тошиевнинг таъкидлашича, ушбу иш доирасида хавфли моддалар билан муомала қилиш қоидаларини бузиш, тупроқ ва атмосферани ифлослантириш, музликларни йўқ қилиш, суғурта ва солиқ қонунбузарликлари билан боғлиқ ҳолатлар тергов қилинмоқда.

Май ойи охирида собиқ бош вазир Омурбек Бабанов ва парламентнинг собиқ раиси Асилбек Жээнбеков мазкур иш доирасида ҳибсга олинганди.

Июн бошларида эса президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Данияр Наримбаев ва собиқ бош вазир ўринбосари Алмазбек Баатирбеков ҳибсга олинди.

“Қумтор” конини ўзлаштириш билан 1990-йиллар бошидан бери Канаданинг “Centerra Gold Inc.” корпорацияси шуғулланиб келади. Корпорациянинг Қирғизистон ҳукумати билан тузган келишувига асосан конни ўзлаштириш мақсадида “Кumtor Gold Kompani” корхонаси ташкил этилган.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда Қумтордан 17 тоннадан кўпроқ олтин олинган.

Мавзуга оид